"Tata Steel Chess-2026": Бугун ўзбекистонлик шахматчилар ўзаро баҳслашади

TASHKENT. Kazinform — Бугун, 27 январь куни Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида давом этаётган “Tata Steel Chess-2026” турнирининг 9-турида ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров баҳси бўлиб ўтади, деб хабар беради UzA.

Абдусатторов-Синдоров
Фото: UzA

Турнирнинг энг кучли 14 нафар иштирокчиси жам бўлган "Мастерс" гуруҳида етакчилик қилаётган Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоровнинг тўқнашуви нафақат Ўзбекистон, балки дунё шахмат ишқибозлари эътиборини ўзига қаратиши билан аҳамиятли ҳисобланади.

Бугунги баҳс олдидан Нодирбек 5,5 очко билан биринчи, Жавоҳир эса 5 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Ўзбекистонликларни таъқиб этаётган америкалик Ханс Ниманн, туркиялик Ягиз Хан Эрдогмус, нидерландиялик Жорден ван Форест ҳисобида 4,5 очко мавжудлигидан келиб чиқсак, Синдоров-Абдусатторов қарама-қаршилигидаги ўйин қандай кўринишда якунланишидан қатъий назар, турнир жадвалидаги карвонбошилик Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларида сақланиб қолади.

Воқеалар ривожидан олдинга ўтиб фикр юритадиган бўлсак, ушбу турда дуранг натижа қайд этилса, Нодирбек етакчиликни мустаҳкамлайди, Жавоҳир иккинчи ўринда ҳаракатини давом эттиради.

Агарки, Синдоров устунликка эришса, ўз-ўзидан 6 очко билан карвонбошига айланади, Абдусатторов унинг асосий таъқибчиси бўлиб қолади. Акс ҳолат рўй берган тақдирда биринчи рақамли шахматчи Вейк-ан-Зее турнирининг ғолиблиги йўлидаги муҳим муваффақиятни таъминлаган бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 13 та турдан иборат баҳслар 1 февралга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Сарвиноз Бекмуратова Ўзбекистон шахматчи қизлари орасида рекорд ўрнатди.

Сўнгги хабарлар