Танзанияда автобуслар тўқнашди
Танзанияда автобус ва кичик автобус тўқнашиб кетиши оқибатида 38 киши ҳалок бўлди. Ҳосил бўлган ёнғин ҳар икки транспорт воситасини қамраб олган, деб ёзади ЎзА.

Ҳодиса шанба куни кечқурун Килиманжаро вилояти Сабасаба шаҳрида автобус ғилдираги тешилиб, ҳайдовчи бошқарувни йўқотгач содир бўлган.
"Қурбонлардан икки нафари аёл, – дейилган "Al-jazeera" ахборотида. – Куйиш даражаси юқорилиги сабаб 36 жасаднинг шахси номаълумлигича қолмоқда.
Президент маъмурияти маълумотига кўра, 28 одам жароҳатланган, олти киши шифохонада даволанмоқда.
Давлат раҳбари Самия Сулуху Ҳассан марҳумларнинг оилаларига “самимий ҳамдардлик” билдирди ва жабрланганлар “тезроқ соғайиши”ни тилади. Шунингдек, барчани ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди. Зеро, Танзания йўлларида ҳалокатли бахтсиз ҳодисалар тез-тез учрайди.