Тамаки чекиш 16 турдаги саратонни келтириб чиқариши мумкин
ASTANА. Кazinform – 2050 йилга бориб, дунёда саратон касаллигига чалинганлар сони 30 миллиондан, саратон касаллигидан вафот этганлар сони эса 18 миллиондан ошади, дея хабар беради Аnadolu агентлиги.

Олимлар 2024 йилдан 2050 йилгача саратон касаллиги билан касалланиш ва ўлим даражаси аста-секин ўсишини башорат қилмоқдалар.
2050 йилга бориб, дунёда саратон касаллигига чалинганлар сони 30 миллиондан ошади ва 18 миллиондан ортиқ бемор бу касалликдан вафот этиши мумкин.
Олимлар “Глобал касаллик юки” (Global Burden of Disease, GBD) дастури доирасида олиб борилган тадқиқот натижасида шундай хулосага келишди. Дастур касалликлар, шикастланишлар ва хавф омилларининг аҳоли саломатлигига таъсирини ўрганади. Халқаро олимлар тармоғи 2050 йилгача саратон касаллигининг кечиши ва оқибатларини таҳлил қилди.
The Lancet нашрида чоп этилган тадқиқотга кўра, 2023 йилда дунё бўйлаб 18,5 миллион саратон касаллиги ҳолатлари қайд этилган ва 10,4 миллион киши саратон касаллигидан вафот этган.
2023 йилда саратоннинг энг кенг тарқалган тури кўкрак саратони эди (2,3 миллион ташхис). Ундан кейин ўпка саратони ва йўғон ичак саратони туради. Беморларнинг аксарияти ўпка саратонидан вафот этади. Ушбу турдаги касалликдан 2 миллиондан ортиқ одам вафот этди. Кейинги ўринда йўғон ичак ва ошқозон саратони.
Тамаки чекиш саратоннинг 16 турини келтириб чиқариши мумкин
Тадқиқот муаллифлари 2024 йилдан 2050 йилгача саратон касаллиги ва ўлим ҳолатлари сони аста-секин ўсиб боришини тахмин қилмоқда.
Олимлар саратонга олиб келадиган 44 та хавф омилини аниқлаб, уларни уч тоифага бўлишди:
касбий ва атроф-муҳит омиллари (ҳавонинг ифлосланиши, радиация, саноат хавфлари);
метаболик омиллар (семизлик, юқори холестерин, гипертензия);
хулқ-атвор омиллари (чекиш, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, нотўғри овқатланиш).
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, энг катта хавф хулқ-атвор омиллари билан боғлиқ. Асосийси - чекиш. Тамаки саратоннинг 16 турини, алкоголь 10 турини, нотўғри овқатланиш 6 турдаги саратонни келтириб чиқариши мумкин.
2050 йил учун прогноз
Прогнозга кўра, 2050 йилда саратон касаллигига чалинганлар сони 22,9 миллиондан 38,9 миллионгача, ўртача 30,5 миллион кишига етиши мумкин. Ўлганлар сони 15,6 миллиондан 21,5 миллионгача, ўртача 18,6 миллион кишини ташкил қилиши мумкин.
Паст ва ўрта даромадли мамлакатларда саратон касаллигидан ўлим даражаси 90% гача етиши мумкин. Юқори даромадли мамлакатларда бу кўрсаткич тахминан 42% ни ташкил қилади.
Болалар ва ўсмирлар орасида саратон даражаси 2023 йил даражасида қолиши кутилмоқда. Бироқ, 40-69 ёшдагилар орасида касалланиш кўпайиши ва 70 ёшдан ошганлар орасида ўлим кўпайиши кутилмоқда.
2050 йилга бориб, саратоннинг энг кенг тарқалган турлари кўкрак ва ўпка саратони бўлиб қолади. Ўпка ва йўғон ичак саратонидан вафот этганлар сони ортади.
Олимларнинг тавсиялари
Тадқиқотчилар зарарли одатлардан воз кечиш, атроф-муҳит ва касбий омиллар таъсирини камайтириш, эрта ташхис қўйиш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, даволаниш имкониятларидаги тенгсизликларни бартараф этиш, скрининг дастурларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Эслатиб ўтамиз, Швеция бачадон бўйни саратонини бартараф этган илк давлатга айланиши мумкин.