Сув ва энергетика ресурсларининг янги харитаси: Қозоғистон келгуси ўн йилликлар учун етарли сув захирасига эга бўладими
ASTANA. Kazinform - Сув ресурслари - энергетика тизими учун муҳим захира ҳисобланади, бироқ уларнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Бундан ташқари, мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирги сув истеъмоли амалиётлари асосан барқарор эмас ва мантиқсизлигича қолмоқда. Таҳлилий кузатувчи Kazinform Қозоғистон ушбу номутаносибликни камайтириш учун кўраётган чораларни кўриб чиқади.
Иқлим ўзгариши босимдир
Ҳозирда Қозоғистонда сув ресурслари бассейн принципи асосида бошқарилади. Мамлакат ичида саккизта дарё ҳавзаси аниқланган: Орол-Сирдарё, Балқаш-Алакўл, Ертис, Есил, Жайиқ-Каспий, Нура-Сарису, Тобол-Торғай ва Шу-Талас.
Дарё сув ресурсларининг умумий миқдори мамлакат ичида ҳосил бўладиган маҳаллий сувлардан, шунингдек, қўшни давлатлардан оқиб ўтадиган трансчегаравий сувлардан иборат. Бу ҳажмнинг катта қисмини ер усти сувлари ташкил этади, ўртача йиллик ҳажми 106 км³ ни ташкил қилади. Ушбу ҳажмнинг 55,7% Қозоғистонда ҳосил бўлади, қолган 44,3% эса Хитой, Ўзбекистон, Россия ва Қирғизистондан келадиган дарёлар оқими билан таъминланади, яъни у тўғридан-тўғри трансчегаравий оқимга боғлиқ.
"Вазият иқлим ўзгариши таъсири билан янада оғирлашиб боряпти, бу эса қурғоқчилик, сув тошқинлари, сув сифатининг ёмонлашиши ва хавфсиз ичимлик суви мавжудлигининг пасайишига олиб келади", - деб таъкидлади Гидрогеологлар ассоциацияси президенти Данияр Жумабеков.
ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги таъкидлашича, ҳозирги кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда, келгуси йилларда сув таъминоти барқарорлиги ҳақиқатан ҳам хавф остида қолади. Асосий хавфлар қаторига глобал исиш, трансчегаравий дарёларнинг юқори оқимидаги мамлакатларда сув истеъмолининг кўпайиши, музликларнинг эмирилиши ва миллий иқтисодиётнинг юқори сув зичлиги киради.
Қозоғистон иқтисодий сувининг 90 фоиздан ортиғини ер усти манбаларидан олади. 2024 йилда умумий сув олиш ҳажми 25,5 км³ ни ташкил этди. Ушбу ҳажмнинг атиги 4,3% (1,1 км³) коммунал ва маиший эҳтиёжларга тўғри келади, бу соҳа ер ости сувларининг энг катта улушини - 51,1 фоизни ташкил этади. Саноат 22,5% (5,7 км³) истеъмол қилди, деярли бутунлай ер усти манбаларидан (94,7%). Қишлоқ хўжалиги энг катта истеъмолчи бўлган ҳолда умумий сув олишнинг 60% (14,7 км³) ни ташкил қилади, шундан 77,6% мунтазам суғориш учун ишлатилади.
“Ресурслар ҳолати минтақаларга қараб сезиларли даражада фарқ қилади. Агар жануби-шарқий ва шарқий вилоятлар (Ертис ва Балқаш–Алакўл ҳавзалари) ўз сув захиралари билан таъминланган бўлса, Марказий Қозоғистон (Нура–Сарису ҳавзаси) энг кам сувли ҳудуд ҳисобланади. Жанубий ва ғарбий ҳудудлар қўшни мамлакатларнинг сув тақсимоти сиёсатига кўпроқ боғлиқ бўлиб қоляпти”, - деб тушунтириди вазирлик.
Нималарга эришилди ва нималарни амалга ошириш керак
Миллий Қурултойда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришни стратегик устувор вазифа сифатида таъкидлади ва сув ва энергетика ресурсларининг замонавий харитасини тайёрлашни буюрди.
“Мамлакат сув ресурслари энергетика тизимининг ишончлилигини таъминлаш учун муҳим захира ҳисобланади. Уларнинг салоҳиятидан тўғри фойдаланилмаяпти. Очиғини айтганда, бу муҳим соҳада ишлар эътибордан четда қолдирилди. Мамлакатнинг ҳақиқий гидроэнергетика салоҳиятини аниқ баҳолаш зудлик билан тақдим этилиши керак, чунки Совет давридаги аввалги маълумотлар аллақачон эскирган”, - деб таъкидлади Давлат раҳбари.
Бунга жавобан Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги янги Сув кодексининг қабул қилиниши Қозоғистонга сув ресурсларини янада шаффоф ва тизимли бошқариш моделига ўтиш имконини беришини таъкидлади. Энди қарорлар ҳақиқий ва прогноз қилинган сув балансларига асосланади.
Асосий воситалар ҳар бир минтақа учун ишлаб чиқилган сув ресурсларини ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича ҳавза режалари, шунингдек, миллий даражада сув ресурсларини комплекс бошқариш бўйича бош режа бўлади. Сув ресурслари ва улардан фойдаланиш салоҳияти, шу жумладан гидроэнергетика салоҳияти ҳақидаги маълумотларни янгилаш алоҳида амалга оширилмайди, балки ҳар бир дарё ҳавзасининг ҳақиқий сув балансини ҳисобга олади.

Ҳозирги вақтда ушбу ҳужжатларни ишлаб чиқиш доирасида қуйидагилар амалга оширилмоқда:
- сув ресурсларини баҳолаш ва прогноз қилиш;
- мавжуд сув ресурслари ва аҳоли, иқтисодиёт ва экотизимлар эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатни ҳисоблаш;
- иқлим ва трансчегаравий омилларни ҳисобга олган ҳолда барқарор сув таъминоти имкониятларини таҳлил қилиш.
Вазирлик ўрта муддатли истиқболда давлат стратегияси қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни тежашни амалга оширишга, йўқотишларни камайтириш учун гидротехник иншоотларни реконструкция қилишга ва ер ости сувлари салоҳиятидан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилишини таъкидлади. Вазирликнинг таъкидлашича, буларнинг барчаси мавсумий ва трансчегаравий сув танқислиги хавфини камайтиришга ёрдам беради.
Бундан ташқари, 2026 йилда саккизта ҳавза режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни якунлаш, 2027 йилнинг учинчи чорагида эса Бош режани ишлаб чиқишни якунлаш, сўнгра Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг қарорини қабул қилиш режалаштирилган.
Ҳозирда мамлакат сув ресурсларини бошқариш тизимини босқичма-босқич модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
"Ўтган йили 700 км сув каналлари реконструкуия қилинди, бу йил эса яна 986 километри капитал таъмирланди. Тўртта сув омбори модернизация қилинди. Бу йил яна шунчаси режага киритилган ва учта янги сув омбори қурилиши ҳам бошланади. Сув ресурсларини комплекс бошқариш бўйича бош режанинг асосини ташкил этадиган саккизта ҳавза режасини ишлаб чиқиш якунланади", - деди Бош вазир Олжас Бектенов Президент Қпсим-Жомарт Тоқаев раислигида бўлиб ўтган кенгайтирилган Ҳукумат йиғилишида.
Маҳаллий мутахассислар сув йўқотишларининг аксарияти содир бўладиган қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Бу, айниқса, 2026 йилги вегетация мавсумида 1 миллиард кубометргача сув танқислиги прогноз қилинаётганини ҳисобга олган ҳолда муҳимдир.
"Сув танқислиги, биринчидан, сувимизнинг катта қисми қўшни давлатлардан келиши билан боғлиқ. Иккинчидан, сувимиз самарасиз ишлатилади: унинг учдан икки қисми қишлоқ хўжалиги учун ишлатилади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида сув суғориш тармоқлари орқали етказиб берилади, уларнинг аксарияти тупроқ ва қопламасиз бўлиб, натижада 50% гача йўқотишлар юзага келади”, -деб тушунтирди Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг иқлим ўзгариши дастури менежери Азамат Қауазов.

Гидроэнергетика салоҳияти ва сув-энергетика ресурслари харитаси ҳақида
2026 йил 10 февралда кенгайтирилган Ҳукумат йиғилишида Бош вазир Олжас Бектенов йил охирига қадар янги сув-энергетика ресурслари харитаси ишлаб чиқилишини маълум қилди.
"Сувни тежаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Ҳозирда суғориладиган ерларнинг умумий майдонининг учдан бир қисмидан кўпроғи сувни тежайдиган технологиялар билан қопланган бўлиб, бу ўтган йили 847 миллион кубометр сувни тежашга имкон берди. Ҳар йили қўшимча 150 минг гектар майдонни қамраб олиш режалаштирилган. Сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги вазирликларига мумкин бўлган сохталаштиришларга қарши курашиш вазифаси юклатилган", - дея қўшимча қилди бош вазир.
Kazinform мухбирининг сўровига жавобан Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги аввалги ҳисоб-китоблар асосан Совет давридан қолган умумлаштирилган маълумотларга асосланганлигини ва ҳозирги иқлим ўзгариши, ижтимоий-иқтисодий шароитлар ёки минтақавий ривожланиш устуворликларини ҳисобга олмаганлигини тушунтирди. Сув ресурсларини интеграциялашган бошқариш бўйича Совет режалари идоравий хусусиятга эга эди ва стратегик режалаштириш тизимига деярли интеграция қилинмаган эди.
Энди ёндашув ўзгарди: гидроэнергетика салоҳияти янгиланган ҳавза сув баланслари, сув мавжудлиги прогнозлари ва аниқ белгиланган ривожланиш мақсадлари асосида баҳоланади.