Суд Павел Дуровни ҳибсда сақлаш муддатини узайтирди

ASTANА. Кazinform - Франция суд органлари Telegram асосчиси Павел Дуровни ҳибсда сақлаш муддатини узайтирди, деб ёзади TASS.

Павел Дуров
Фото: instagram.com/durov

France-Presse агентлиги маълумотларига кўра, сўроқ учун ҳибсга олишнинг дастлабки муддати 96 соатгача давом этиши мумкин.

LCI телеканалига кўра, Telegram асосчиси Павел Дуров бир кун аввал Париждаги Ле-Бурже аэропортида қўлга олинган. Тадбиркор Озарбайжондан келаётган эди. У билан севгилиси ва тансоқчиси бўлган.

Франциянинг TF1 телеканали мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари Дуровни “наркотик моддалар савдоси, болаларга қарши жиноятлар ва фирибгарлик”га алоқадорликда гумон қилиб ҳибсга олгани ҳақида хабар берди. Ҳибсга олишга ордер Франция Миллий суд полицияси департаменти томонидан дастлабки тергов натижаларига кўра берилган. У 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Дуров ҳибсга олинди ва кейинроқ судга келтирилади.

Маълумки, Дуров тўрт давлат – Россия, Кариб денгизидаги Сент-Китс ва Невис штати, Франция ва Бирлашган Араб Амирликлари фуқароси ҳисобланади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Франциядаги элчихонаси Дуров атрофидаги вазиятни тушунтириш учун зарур чоралар кўрганини маълум қилди.

Илон Маск Дуровнинг Францияда ҳибсга олинишини сўз эркинлигини кафолатловчи АҚШ Конституциясига киритилган биринчи тузатишнинг “жозибали рекламаси” деб атади. У воқеани изоҳлар экан, 2030 йилга бориб Европада ўлим жазоси ҳатто оддийгина мемларни ёқтирганлар учун ҳам қўлланилиши мумкинлигини айтди.

Павел Дуровнинг ҳибсга олиниши юзасидан бир қатор сиёсатчилар ҳам ўз фикрларини билдирди.

Дуровнинг ҳибсга олинишини шарҳлар экан, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Маржори Тейлор-Грин бутун дунёда сўз эркинлиги хавф остида эканини айтди.

Австриянинг собиқ ташқи ишлар вазири Карин Кнайсль тадбиркорнинг ҳибсга олинишини асоссиз деб ҳисоблайди.

Франция Европарламентининг собиқ депутати Эмерик Шопрад Дуровнинг ҳибсга олинишига Парижнинг Telegramни назорат қилиш истаги сабаб бўлганини айтди.

Telegram мессенжерининг расмий аккаунти компания асосчиси Павел Дуровнинг Францияда ҳибсга олинишига илк бор изоҳ берди.

Сўнгги хабарлар