Starlink расмий равишда Қозоғистонга келади: шартнома имзоланди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги ва Starlink компанияси (SpaceX шоъба корхонаси) Қозоғистонда сунъий йўлдош интернет хизматларини расмий ишга тушириш бўйича шартнома имзолади.

Ҳужжатда компания ўз фаолиятини мамлакатнинг ахборот хавфсизлиги ва коммуникациялари соҳасидаги қонунчилигига тўлиқ риоя қилган ҳолда амалга ошириши белгилаб қўйилган. Ҳужжатда Қозоғистон аҳолиси учун Starlink сунъий йўлдош терминалларини расмий ишга тушириш кўзда тутилган – сотувлар 2025 йилнинг учинчи чорагида бошланиши режалаштирилган.
Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигидан маълум қилишларича, лойиҳанинг амалга оширилиши Қозоғистоннинг чекка ҳудудларини юқори тезликдаги сунъий йўлдош интернет билан таъминлашда муҳим қадам бўлади. Бу рақамли алоқа имкониятларини кенгайтиради ва телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга янги туртки беради.

Starlink орқали юқори тезликдаги интернетга уланиш қишлоқ мактаблари, тиббиёт муассасалари, мобил гуруҳлар ва инфратузилма объектларини юқори сифатли алоқа билан таъминлайди. Бу, айниқса, оптик толали тармоқларни ўрнатиш иқтисодий ёки техник жиҳатдан қийин бўлган ҳудудларда долзарбдир.
“Қозоғистон катта ҳудудга эга ва аҳолиси ҳар бир минтақада тарқалган давлат. Барча аҳолини юқори сифатли интернет билан таъминлаш учун биз оптик толали алоқа тармоқларидан тортиб уяли алоқа минораларигача бўлган турли усуллардан фойдаланамиз. Бироқ, бориш қийин бўлган яйловлар, тоғли қишлоқлар ва олис корхоналар каби ҳудудлар ҳам мавжуд. У ерда яшовчилар ҳам юқори сифатли интернетга эга бўлиши керак. Ҳозир дунёда бунга имкон берадиган технологиялар мавжуд. Шу пайтгача Starlink мамлакатимизда тажриба режимида фаолият юритиб, фақат мактаблар учун Интернет тармоғига киришни таъминлаб келмоқда. Ва у расмий равишда аҳоли учун мавжуд эмас эди. Энди биз келишувга эришдик ва компания ахборот хавфсизлиги ва коммуникациялари соҳасидаги миллий қонунчилик талаблари асосида иш олиб боради. Жорий йилда зарур ишлар олиб борилиб, аҳоли сунъий йўлдош интернет тармоғига расман ва қонуний равишда уланиш имкониятига эга бўлади”, – деди вазир Жаслан Мадиев.
Starlink ускунасининг қонунийлаштирилиши ва расмий фойдаланиш мақоми алоҳида аҳамиятга эга: энди фуқаролар Қозоғистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ терминалларни қонуний равишда сотиб олишлари ва фойдаланишлари ҳамда уларни рўйхатдан ўтказишлари мумкин.
Starlink сунъий йўлдош Интернетига уланиш махсус фойдаланувчи қурилмалари орқали амалга оширилади. Ҳозирги вақтда техник ва ташкилий масалаларни, жумладан, алоҳида фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш тартибини мувофиқлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Лойиҳани амалга оширишнинг барча босқичлари миллий қонунчилик талабларига, шу жумладан хавфсизлик талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.
Мазкур ташаббус ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги рақамли тафовутни камайтириш бўйича топшириғи ижроси доирасида амалга оширилмоқда.