Сиёсатшунос: Ядро кластерини яратиш — сиёсий боши берк кўчадан чиқиш йўли

ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбарининг мамлакатда ядро кластерини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи нафақат энергетика муаммоларини ҳал этиш, балки мураккаб сиёсий вазиятдан чиқиш йўлида ҳам муҳим қадам бўлиши мумкин. Бу фикрни сиёсатшунос Данияр Ашимбаев билдирмоқда.

Данияр Ашимбаев
Фото: Данияр Ашимбаевнинг шахсий архивидан

Мутахассиснинг фикрича, мамлакатда ҳар йили ортиб бораётган электр тақчиллигини ҳал қилиш учун битта атом электр станцияси етарли бўлмайди.

– Дастлаб мамлакат энергетика тизимини ривожлантиришнинг турли сценарийларини кўриб чиққач, биргина станция электр энергияси тақчиллигини бартараф эта олмаслиги аён бўлди. Яъни, бир вақтнинг ўзида бир неча блокдан иборат АЭС қуриш ёки бир нечта АЭС қуриш имкониятларини кўриб чиқиш керак, – деди Д.Ашимбаев агентлик мухбири билан суҳбатда.

Д.Ашимбаев Қозоғистонда бир нечта атом электр станцияларини қуриш масаласи бундан 30 йил аввал экспертлар ўртасида муҳокама қилинганини таъкидлади. Ўша пайтда география ва энергия эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, янги станцияларни қуриш учун учта һудуд танланган: Курчатов, Ақтау ва Балқаш.

Сиёсатшуноснинг фикрича, бугунги кунда Қозоғистон ядро кластерини яратиш учун барча зарур ресурсларга эга.

– Қозоғистонда ушбу соҳа учун тўлиқ хомашё, илмий-техник база мавжуд. Бу мамлакатимиз учун янги саноат эмас ва бугунги кунда бу жуда зарур. Шунингдек, референдум кўрсатганидек, халқ атом электр станцияси қурилишига ижобий муносабатда, - деди спикер.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда АЭС қуриш масаласи сиёсий жиҳатларни ҳам ўз ичига олади.

– Қозоғистон билан шартнома имзолаш учун халқаро миқёсда рақобат бор. Бу нафақат иқтисодий ва технологик, балки сиёсий масалаларни ҳам кўтаради. Технологик қийинчиликлар юзага келиши мумкин бўлса-да, Қозоғистон лойиҳани бир эмас, балки камида иккита операторга топшириши мумкин. Бу халқаро рақобатни камайтиради ва Қозоғистоннинг АЭС пудратчилари сифатида танланган мамлакатлар иқтисодиёти билан интеграциялашувини кучайтиради. Ахир консорциум масаласи жуда мураккаб. Одатда, атом электр станцияси қурилишида реактор қурувчи бош оператор бўлади, қолганлари эса лойиҳанинг бошқа қисмларида иштирок этади, — дейди сиёсатшунос.

Мутахассиснинг фикрича, бир операторга иккита АЭС қуриш осонроқ бўларди, чунки турли компаниялар турли технологик турдаги реакторлардан фойдаланадилар. Бироқ, уни икки хил компанияга ишониб топшириш сиёсий кескинликни камайтириши мумкин.

– Сиёсий кескинликни пасайтириш, масалан, битта лойиҳани Росатомга, иккинчисини шартли равишда Франция ёки Корея компаниясига топшириш сиёсий босимни камайтиради. Аммо бу технологик қийинчиликларга олиб келиши мумкин. Республика раҳбарияти қайси вариантни танлашини айтишга ҳали эрта. Эҳтимол, иккита станция яратиш ғояси сиёсий боши берк кўчадан чиқиш йўли бўлар эди. Чунки биз “Росатом”га босим ўтказилаётганини кўряпмиз. У асосий номзодлардан бири эканлиги аниқ. Шу билан бирга, европаликлар ва америкаликлар унинг жаҳон бозоридаги улушини камайтириш учун унга катта босим ўтказаётгани маълум, – дея хулоса қилди Данияр Ашимбаев.

Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳукумат ва Парламентга иккинчи атом электр станциясини қуриш керак бўлган ҳудуд бўйича тавсиялар беришни топширди.

Тез орада биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича шартномалар имзоланади.

Сўнгги хабарлар