Сирдарё ҳавзаси сувини Марказий Осиё давлатлари ҳамкорликда муҳофаза қилади

Ўзбекистон Давлат экология қўмитаси, Ўзгидромет, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларидан иборат мутахассислар, шунингдек, Марказий Осиё Минтақавий экология маркази, Қозоғистон Республикаси Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги, Қозоғистон гидрометеорология хизмати, Қирғизистон ва Тожикистон экология қўмитаси вакиллари иштирок этган тадбирда ишчи гуруҳ томонидан Сирдарё ҳавзаси суви сифатини назорат қилиш бўйича 2021-2022 йилларда амалга оширилган ишлар ҳисоботи тингланди.
«Ўтган даврда олинган сув намуналари таҳлили натижаси, биргаликдаги назорат тадбирлари, сувни ифлослантирувчи асосий манбалар, сув сифатига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар юзасидан тақдимотлар намойиш этилди. Юзага келаётган айрим муаммоларни бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Тажриба алмашинуви доирасида Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Туркистон ва Қизилўрда вилоятлари экология департаменти томонидан Сирдарё ҳавзалари ва бошқа ирмоқларида ўтказилган назорат тадбирлари натижаси ва келгуси режалар бўйича маълумот алмашилди», - дейилади агаентлик хабарида.
Халқаро экспертларнинг сув сифатини таъминлаш борасидаги таклиф, тавсиялари тингланди.
Йиғилиш якунида 2023 йил учун назарда тутилган ишлар режаси келишиб олинди.
Фото: UzA