Шри-Ланкада фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Ada Derana порталининг хабар беришича, бош вазир хавфсизлик кучларига тартибсизликлар келтириб чиқарган ҳар қандай шахсни ҳибсга олишни буюрган.
Мамлакат ҳукумати раҳбари девонининг журналистларга айтишича, президент Готабая Ражапакса оролдан қочиб кетганидан кейин давлат раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида бош вазир бундай ҳаракатлар қилиш ҳуқуқига эга.
Бош вазир шунингдек, орол бўйлаб намойишчилар ҳаракатланаётган барча юк машиналари ва бошқа транспорт воситаларини ҳибсга олиш ва мусодара қилишни буюрди.
Чоршанба куни эрталаб намойишчилар Коломбодаги бош вазирнинг идорасига бостириб киришга уринган эди. Полиция баррикадаларни бузиб, бинога киришга уринганларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган. Чоршанба куни кечқурун президент Готабая Ражапакса рафиқаси ҳамроҳлигида орол давлатини тарк этиб, Мальдив оролларига учиб кетди.
Ўтган шанба куни минглаб намойишчилар Коломбо кўчаларига чиқиб, давлат раҳбарининг истеъфосини талаб қилган эди. Улар президент ва бош вазирнинг қароргоҳларини эгаллаб олишди, бош вазирнинг шахсий қароргоҳи ёқиб юборди. Юздан ортиқ одам жабрланган.
Шундан сўнг Шри-Ланка бош вазири Ранил Викрамасингхе ўз лавозимини тарк этишни режалаштираётганини, бироқ ҳозирча уни тарк этмаганини маълум қилди.
Шундан сўнг президент Ражапакса 13 июл куни истеъфога чиқиш режасини эълон қилди.
Оролдаги оғир молиявий-иқтисодий вазият сабаб бўлган норозилик намойишлари апрел ойи бошидан бери тиниб-тинчимаган.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, мамлакатда валюта, ёқилғи, нефт маҳсулотлари, ўғитлар, аҳолининг айрим гуруҳлари учун озиқ-овқат ва дори-дармонларнинг жиддий танқислиги кузатилмоқда.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, иқтисодий инқироздан тўлиқ чиқиш учун камида уч йил керак бўлади.