Шови курортидаги кўчки: қурбонлар сони ортиб бормоқда, бедарак йўқолганларни қидириш ишлари давом этмоқда

Кўчкидан ўн уч кун ўтгач, Грузиянинг Шови курортида ҳалок бўлганлар сони 26 кишига етди, яна етти киши бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган.
Воқеа марказида ҳамда Риони ва Чанчахи дарёлари водийсида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Грузия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, қутқарувчилар эпицентдаги вайроналарнинг 90 фоизини текширишган.
Қидирув ишларига оғир ва сув техникаси сафарбар қилинган.
Расмийларга кўра, Шови курортидаги вайронкор кўчкига бир вақтнинг ўзида бир нечта геологик ва гидрометеорологик ҳодисаларнинг мос келиши сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 3 август куни Грузия ғарбидаги Рача тоғли ҳудудида Шови курорти кўчки туфайли бутунлай вайрон бўлган эди.
Грузиянинг Шови курортидаги фожиали вазият туфайли 7 август мамлакатда мотам куни деб эълон қилинди.