Шимолий Қозоғистон вилоятида чорва моллари ва экин майдонлари кўпаймоқда
«Шимолий Қозоғистон вилояти асосан аграр ҳудуд ҳисобланади. Мамлакатимизда ғалланинг чорак қисмини биз етиштирамиз, сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги асосий вазифалардан бири импортга қарамликни камайтириш ва вилоятни ўз ишлаб чиқаришидаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдан иборат. Қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти беш ойда қарийб 101 миллиард тенгени ташкил этди, жисмоний ҳажм индекси 103,6 фоизни ташкил этди. Кўрсаткичнинг ўсиши асосан чорвачилик соҳасида ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши ҳисобига таъминланди. Чорва сони ҳам, маҳсулотни қайта ишлаш ҳам кўпайди», – дейди Айдарбек Сапаров.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилда Шимолий Қозоғистон вилоятида қишлоқ хўжалиги экинлари 90 минг гектарга ошган ҳолда 4,5 миллион гектарни ташкил этди. Улардан мойли экинлар 1 миллион гектарга яқин майдонни эгаллаган, бу Қозоғистондаги энг юқори кўрсаткич.
Вилоят раҳбари таъкидлаганидек, жорий йилда ички бозорни ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар билан тўлдириш мақсадида гречка экин майдонлари 3 баробар, картошка, сабзи ва карам 2 баробарга кўпайтирилди. Бу ҳажмлар вилоятнинг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун етарли.
Айдарбек Сапаров, шунингдек, вилоятда баҳорги дала ишлари оптимал муддатларда якунлангани, барча агротехник тадбирлар бажарилгани ҳақида гапирди. Шу жумладан минерал ўғитларни қўллаш. Жорий йилда Шимолий Қозоғистон вилояти фермерлари улардан 200 минг тонна, яъни республика кўрсаткичининг 30 фоизини харид қилди. Бу доимий юқори ҳосил олиш учун ва тупроқ унумдорлигини сақлаш учун зарур.
Муаллиф: Майрамбек Байғарин