ШҲТ доирасида Оролнинг қуриган тубида ўрмон экиш маркази ташкил этилади

Арал мәселесі
Фото: Солтан Жексенбеков/Kazinform

ASTANA. Kazinform – Астанада Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича масъул вазирлари ва бошқармалари раҳбарлари бешинчи марта учрашди.

Мажлисда ШҲТ Бош котиби жаноб Чжан Мин, Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва Беларусь делегациялари иштирок этди.

ШЫҰ Арал мәселесі
Фото: Солтан Жексенбеков/Kazinform

“Атроф-муҳит муаммоларининг чегараси йўқ, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо барча мамлакатларда ўхшаш экологик муаммолар мавжуд, уларни фақат кучларни бирлаштириш орқали биргаликда ҳал қилиш керак. Бугунги йиғилишда экологик муаммоларни ҳал этиш, иқлим ўзгариши, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, чиқиндиларни самарали бошқариш ва алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни амалга оширишга қаратилган масалаларни муҳокама қилдик”, – деди ҚР Экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нисанбаев.

Шу билан бирга, мазкур йиғилишда ШҲТга аъзо давлатлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг 5-йиғилиши баённомаси имзоланди.

Делегация раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2024 йилни “Экология йили” деб эълон қилиш бўйича ҳаракатлар режасини янада тарғиб қилиш муҳимлиги ва зарурлигини таъкидладилар.

ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва 3-4 июль кунлари Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашида эълон қилинадиган чиқиндиларни самарали бошқариш тўғрисидаги баёнот маъқулланди ва имзоланиши таклиф этилди.

“ШҲТга аъзо давлатларнинг сунъий ўрмонлар барпо этиш ва деградацияга учраган ҳудудларни ўрмон барпо этиш бўйича катта тажрибасини инобатга олиб, бугун биз Орол денгизининг қуриган туби ва чўл ҳудудларини ўрмонзорлаштириш бўйича халқаро марказни ташкил этиш таклифини илгари сурдик. Бу борада Марказий Осиё давлатларидан келган ҳамкасбларимиз бизни қўллаб-қувватлади. Ўйлайманки, келажакда бу ғояни илгари сурамиз”, – деди Е. Нисанбаев.

Арал мәселесі
Фото: Солтан Жексенбеков/Kazinform

ШҲТга аъзо давлатларнинг экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича биргаликдаги ёндашувлари, ШҲТнинг 2024-2026 йилларга мўлжалланган “Яшил макон” дастурини амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатларнинг 2025-2027 йилларга мўлжалланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги концепциясини амалга ошириш режаси тасдиқланди.

Сўнгги хабарлар