Шавкат Мирзиёев Татаристон раиси Рустам Минниханов билан музокара ўтказди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россияга расмий ташрифи доирасида 5 октябрь куни Қозон шаҳрида Татаристон раиси Рустам Минниханов билан учрашди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Мирзиёев
Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев сўнгги йиллардаги самарали ҳамкорликнинг юксак натижаларини мамнуният билан қайд этди.

- Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажмини ошмоқда. Тошкент вилоятида “Чирчиқ” кимё-саноат технопарки муваффақиятли фаолият юритмоқда, Жиззах вилоятида технопарк қурилиши давом этмоқда. Кимё саноати ва машинасозлик соҳасида йирик ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жиззах шаҳрида Қозон федерал университетининг филиали фаолият кўрсатмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Томонлар бир кун аввал Қозон шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги учинчи минтақалараро ҳамкорлик форуми якунларини муҳокама қилдилар. Эришилган келишувлар қаторида Россиянинг “Алабуга” ва “Мастер” технопарклари билан биргаликда Ўзбекистон ҳудудларида янги саноат парклари ташкил этиш ҳам бор.

Металлга ишлов бериш, ахборот-коммуникацияси саноати, уй-жой-коммунал соҳада ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, таълим, туризм ва ёшлар сиёсати соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳрида Татаристоннинг “Қозон Экспо” саноат салоҳияти кўргазмасига ташриф буюрди. Бу ерда у Россия бош вазири ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан учрашди.

Россия вазири бугунги кунда Россия Федерациясининг 80 га яқин субъекти Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилаётганини, уларнинг учдан бир қисми савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича келишувларга эга эканини таъкидлади. Турли соҳаларда умумий қиймати 2,2 триллион рубл бўлган 60 дан ортиқ қўшма лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш барқарор ўсишни кўрсатмоқда ва Россия компаниялари қўшма лойиҳаларга 1 триллион рублдан ортиқ сармоя киритиб, Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритишда давом этмоқда. Қўшма саноат паркларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда ва яқин келажакда ушбу лойиҳаларга киритилаётган инвестициялар ҳажми сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.

Ўзбекистон президенти “Қозон Кремли” давлат тарихий-меъморий ва санъат музей-қўриқхонасига ҳам ташриф буюрди, у ерда “Қул Шариф” жомеъʼ масжиди ва Благовещенский соборини бориб кўрди.

Бугун Россия Федерациясида расмий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси президенти Қозон шаҳридан Москвага келди.

Дастурга кўра, икки давлат раҳбарлари қисқа ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказади. Ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчиликда Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинади.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Владимир Путиннинг таклифига биноан 5 октябрь куни расмий ташриф билан Россия Федерациясига жўнаб кетгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.

Муаллиф: Мадибек Жанибеков

Сўнгги хабарлар