Шарқ ва марказда Хитой бозори учун дон ва гўшт маҳсулотларини сертификатлаш лабораториялари ташкил этилади
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашининг саккизинчи бизнес-форумида Қозоғистон шарқи ва марказида Хитой бозори учун дон ва гўшт маҳсулотларини сертификатлаш лабораториялари ташкил этилиши маълум қилинди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
Бу ҳақда “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси раиси Раймбек Баталов ОАВ вакиллари саволларига берган жавобида айтиб ўтди.
Палата раҳбарининг сўзларига кўра, бизнес кенгашида Қозоғистон ғалласини маҳаллий бозорларга етказиб бериш муаммолари ҳам муҳокама этилган.
“Масалан, ҳозир “Достық — Алашанькоу” станциясида лаборатория йўқ. Хитой томони чегарада лаборатория ташкил этиши ҳақида келишувга эришдик. Яъни Қозоғистон ва Хитойдан бир қатор инвесторлар мамлакатимиз ҳудудидаги лабораторияга сармоя киритади. Бу лаборатория Қозоғистон донини Хитойга максимал даражада экспорт қилиш учун шароит яратади. Бир қарашда, бу кичик сармоядек туюлиши мумкин. Бироқ, бундай сармоялар ғалла ҳажми ва қийматидан икки томонни ҳам қондиришига хизмат қилади”, - деди у.
Раймбек Баталовнинг эслатишича, биринчи шундай иншоот йил охиригача ишга тушади.
“Ушбу лаборатория йил охиригача ўрнатилишига ишонамиз. Хитой томони жараённи ноябрь ва декабрь ойларида тугатишга ваъда берди. Келгуси йилнинг биринчи чорагида Қозоғистон ҳудудида бундай лабораториялар пайдо бўлади. Ҳозир аниқ рақамни айтиш қийин. Чунки масала хитойлик инвесторларнинг иштиёқига боғлиқ. Биз 3-4 та лаборатория ҳақида келишиб олдик. Улардан бири мамлакат шарқида бўлади. Шунингдек, жанубда ва марказда ҳам бўлади. Бу лабораториялар аккредитациядан ўтган бўлиши муҳим. Яъни ғаллани таҳлилдан ўтказишда ҳам, гўштни таҳлилдан ўтказишда ҳамишлайди”, - деди палата раҳбари.
Муаллиф: Есимжан Нақтибай