Шаҳар аҳолиси ортиб, қишлоқ аҳолиси эса камайиб бормоқда - Статистика бюроси
Миллий статистика бюроси урбанизациянинг глобал тенденцияси Қозоғистонда ҳам кузатилаётганини маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.
Аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, шаҳар аҳолисининг улуши 5 фоиз пунктга кўтарилиб, 56,1 фоиздан 61,2 фоизга ошди. Шунга кўра, қишлоқ аҳолисининг улуши 43,9 фоиздан 38,8 фоизга камайди.
"Шаҳар аҳолиси сони 2,7 миллиондан ортиқ кишига кўпайди. Сўнгги 12 йил ичида шаҳар аҳолисининг энг юқори ўсиши республиканинг 6 та вилоятида – Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Қизилўрда, Манғистау, Туркистон вилоятларида кузатилди.
Энг урбанизациялашган ҳудуд - Қарағанди вилояти бўлиб, у ерда аҳолининг 80 фоизи шаҳарликлар (1 миллиондан ортиқ киши)”, - дейилади агентлик хабарида.
Республика аҳамиятига молик шаҳарлар маълумотларига кўра, аҳолини рўйхатга олиш даврида Астанада 1,23 миллион киши истиқомат қилган, пойтахт аҳолиси 12 йил ичида икки баравар кўпайган. Алмати аҳолиси 2,03 миллион кишини ташкил этди, мегаполис аҳолиси сони 580,6 минг кишига ошди. Чимкент аҳолиси 1,1 миллион кишини ташкил этиб, 381,6 минг кишига ошган.
Шуни таъкидлаш керакки, аҳолини рўйхатга олиш даврлари оралиғида ушбу шаҳарларнинг ҳар бирида биттадан қўшимча туман ташкил этилган. Аҳолиси 50 минг кишидан 99,9 минг кишигача бўлган шаҳарлар сони 8 тадан 14 тага кўпайди.