ШҲТ мамлакатлари халқ куйлари ўзбекона янгради
«Мусиқа одамларни бирлаштирадиган катта кучга эга. Ҳар бир халқнинг ўзига хос мусиқа тили ва сўзлашув тили бор. Бу мусиқий тил эса оғзаки тилдан фарқли ўлароқ, бошқа барча халқларга таржимасиз тушуниш мумкин», - деди ШҲТ Халқ дипломатияси марказининг Ўзбекистондаги маданий-гуманитар алоқалар бўлими бошлиғи Фахриддин Ўтбасаров.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Жамоатчилик дипломатияси марказининг мақсадларидан бири мусиқа орқали турли мамлакатларнинг бирдамлик ва ҳамжиҳатлиги руҳини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Таниқли устоз созанда Абдухалил Исаев раҳбарлигидаги «Ассалом» халқ чолғу асбоблари ансамбли бу ташаббусни моҳирона амалга оширди.
Ўзбек халқ чолғу асбобларида ШҲТга аъзо саккиз давлат – Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон халқ куйлари янгради.
Хусусан, «Бродяга» ва «Диско раққоси» ҳинд фильмларидаги энг яхши куйлар, қозоқ композициялари «Қөңiл толқыны» ва «Сарыжайлау», Хитой халқ мусиқаси «Император», қирғиз халқ мусиқаси «Тумарим», Покистон халқ мусиқаси «Рақс», машҳур рус мусиқаси «Смуглянка», «Катюша», «Калинка», тожик халқ мусиқаси «Лали Яман», шунингдек, ўзбек халқ куйи «Байрам мусиқаси» ижро этилди.
«Бу куйлар, шубҳасиз, тингловчилар қалбида илиқ туйғуларни уйғотади, ШҲТга аъзо мамлакатлар халқларининг мусиқа санъати ва маданиятини янада чуқурроқ англаш, мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади», - дейилади Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Жамоатчилик дипломатияси маркази хабарида.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков