Сенат спикери Португалия Парламенти раиси билан учрашди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев ва бир гуруҳ депутатлар иш сафари билан Португалия Республикасига борди, деб хабар беради ҚР Парламенти Сенати матбуот хизмати.
Ташриф доирасида Палата Спикери Португалия Ассамблеяси спикери Жозе Педро Агиар-Бранку билан учрашди. Унда томонлар парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар ва келгусидаги ҳамкорликдаги муҳим вазифаларни белгиладилар.
Маулен Ашимбаев Ассамблея раиси билан учрашувда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муҳимлигига эътибор қаратди. Шунингдек, парламентлараро алоқалар икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим механизми эканлигини айтди. Бугунги кунда бу борадаги алоқаларни юқори даражада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сенат спикери Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Португалия Президенти Марсело Ребело де Соузанинг ўтган йили БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидаги учрашувини эслатиб ўтди. Маулен Ашимбаев таъкидлаганидек, мазкур учрашув икки давлат ҳам сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини англатади. Шу билан бирга, у Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси каби халқаро парламент ташкилотлари доирасида тизимли ишлашга тайёрлигини билдирди.
“Парламентлараро ҳамкорлик Қозоғистон ва Португалия ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу боис дўстлик гуруҳлари аъзоларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, Сенат ва Ассамблеянинг тармоқ қўмиталари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш алоҳида аҳамиятга эга. Бундай қадам парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшади. Шу муносабат билан биз Португалиянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва парламент назоратини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик фаолиятидаги тажрибаси билан қизиқдик. Шунингдек, биз португалиялик ҳамкасбларимиз билан Парламентлараро Иттифоқ, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси каби халқаро парламент ташкилотлари доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз. Бугунги учрашув Қозоғистон Парламенти ва Португалия Ассамблеяси ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга янги суръат бағишлайди, деб ўйлайман”, – деди Маулен Ашимбаев.
Шу билан бирга, Сенат Раиси Қозоғистонда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган комплекс ўзгаришларга тўхталиб ўтди. Хусусан, гап мамлакат Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум якунлари, Парламент ва маслихатлар сайлови якунлари ҳақида бўлди.
“Ўтган йили Қозоғистон Парламенти ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтди. Натижада асосий давлат институтлари, жумладан, ҳудудлар манфаатларини республика даражасида ҳимоя қилувчи Парламент Сенати ҳар томонлама модернизация қилинди. Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаев халққа Мурожаатида янги иқтисодий моделнинг асосий тамойилларини белгилаб берди. Шу тариқа, ишлаб чиқариш саноати, машинасозлик, нефть-кимё, транспорт ва логистика, туризм, қишлоқ хўжалиги каби тармоқларга устувор аҳамият бериб, миллий иқтисодиётни янада диверсификация қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берди. Шу муносабат билан биз келгусида тилга олинган тармоқларга хорижий сармояларни жалб этишдан манфаатдормиз. Шунинг учун биз инвесторлар фаолияти учун тегишли қонунчилик муҳитини яратиш ниятидамиз”, – деди Маулен Ашимбаев.
Суҳбат давомида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шу билан бирга, “яшил” иқтисодиёт, инфратузилма, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, илмий-техникавий фаолият каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди. Томонлар, шунингдек, таълим, туризм ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.
“Маълумки, Португалия яшил энергия бўйича Европа давлатлари орасида етакчи ҳисобланади. Қайта тикланадиган энергия манбалари билан боғлиқ тажрибаларингиз бизни айниқса қизиқтиради. Қозоғистон метан бўйича глобал келишувга қўшилди. Шунингдек, у 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришишни мақсад қилган. Биз биламизки, Португалия 2045 йилга қадар ушбу мақсадга эришишни кўзлаган. Бу борадаги қонунчилик тажрибангиз биз учун жуда муҳим. Келгусида иккала давлатнинг устувор йўналиши бўлган ушбу соҳада самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга умид қиламиз”, – деди Маулен Ашимбаев.
Ўз навбатида, Жозе Педро Агиар-Бранку Португалия Парламенти кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлаб, Қозоғистонда амалга оширилаётган сиёсий ўзгаришларнинг самарадорлигига эътибор қаратди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон делегацияси Сенат спикери Маулен Ашимбаев бошчилигида Португалия Республикасига ташриф чоғида 25-27 ноябрь кунлари Кашкайш шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТ Цивилизациялар альянсининг Глобал форумида ишчи учрашувлар доирасида иштирок этади. Маулен Ашимбаевнинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва БМТ Цивилизациялар альянси олий вакили Мигель Анхель Моратинос билан ҳам учрашувлари режалаштирилган.