Россияда муштлашувдан кейин 11 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди
ASTANA. Kazinform — Россиянинг Амур вилояти, Свободний шаҳри мактаби стадионида оммавий муштлашув уюштирган 11 нафар Ўзбекистон фуқароси суд қарори билан ҳибсга олинди.

Улар безориликда айбланди (Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20.1-моддаси 1-қисми). Суд барчасини айбдор деб топди ва 12-14 суткага маъмурий қамоққа олди.
Мигрантлар 25 май куни Свободний шаҳридаги мактаб стадионида футбол ўйини чоғида бошлаган муштлашуви учун полиция ходимлари томонидан қўлга олинган. Бир киши тиббий ёрдамга муҳтож бўлган.
Шу билан бирга, полиция баданга ўртача оғирликдаги шикаст етказиш (Россия Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми) бўйича жиноий иш қўзғатган.
Айбдор деб топилганлар 3 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Шунингдек, уларнинг Россияга кириши ҳам тақиқланади, деб хабар берди Амур вилояти бўйича тергов қўмитаси.
Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин терговни ўз назоратига олгани таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёл ва унинг уч фарзанди Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида хабар берган эдик.