Россияда мигрантлар ётоқхонаси ёниб кетди
ASTANA. Kazinform — Россиянинг Москва шаҳри Митная кўчасидаги ётоқхонада ёнғин содир бўлиб, 1 киши ҳалок бўлди, 10 киши жароҳат олди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, жароҳатланганларнинг тўққиз нафари тиббий ёрдам кўрсатиш учун шаҳар шифохоналарига ётқизилган, бир ярадор эса бундан бош тортган.
Аниқланишича, яшаш майдони дастлаб чет элликларнинг ноқонуний яшаши учун икки қаватли каравотлар билан жиҳозланган. Квартирада камида 17 та ана шундай каравот аниқланган.
Ёнғин 100 квадрат метр майдонни қамраб олган. Воқеа жойига Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 34 ходими ва 10 та техникаси юборилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 109-моддаси (эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ёнғин сабаблари ва ноқонуний мигрантларнинг жойлашуви аниқланмоқда. Экспертиза ишлари ҳамон давом этмоқда, бироқ дастлабки хулосаларга кўра, қисқа туташув ва ёнғинга тармоқнинг фавқулодда кўп ишлаши сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилда Ўзбекистондан Россияга борган мигрантлар сони маълум қилингани ҳақида хабар берган эдик.