Россия-Украина музокаралари: Истанбулда томонлар нима бўйича келишиб олди
ASTANA. Kazinform – Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги икки томонлама учрашувдан сўнг томонлар қисқача баёнотлар берди.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Россия ва Украина ўртасида бўлиб ўтган учрашувни ажойиб деб баҳолади ва мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Бир соатдан ортиқ давом этган учрашув Туркия воситачилигида ўтди ва унда ҳар икки томоннинг юқори даражадаги вакиллари қатнашди.

Делегация раҳбарларининг асосий баёнотлари:
Россия томонидан делегация раҳбари Владимир Мединский қуйидаги келишувлар ҳақида маълум қилди:

- Россия фронтнинг айрим участкаларда 2-3 кунлик маҳаллий оташкесим эълон қилишни таклиф этди. Бу гумманитар мақсадларда, жумладан, ҳалок бўлганларнинг жасадларини тўплаш учун амалга оширилади.
- Томонлар “ҳаммани ҳаммага” формуласи асосида кенг қамровли асир алмашинувига келишиб олди. Бу жараён оғир яраланганлар, оғир хаста бўлганлар ва 25 ёшгача бўлган ёш аскарларни ҳам ўз ичига олади.
- Москва Украинага узоқ муддатли тинчликка эришиш ва тўлиқ оташкесимни таъминлаш бўйича таклифларни ўз ичига олган меморандумни топширди.
- Россия келаси ҳафта Украинага 6 минг ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг жасадини топширишга тайёрлигини билдирди ва Киевдан ҳам худди шундай қадам кутаётганини айтди.
- Оғир яраланган асирларни алмашиш учун доимий тиббий комиссиялар тузиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Украина томонидан мудофаа вазири Рустем Умеров иштирок этди. У ўз баёнотида қуйидагиларни қайд этди:

- Россия меморандуми фақат учрашув пайтида топширилди. Шу муносабат билан Киев ушбу ҳужжатни ўрганиш учун бир ҳафта вақт олади. Украина ундаги таклифларни таҳлил қилгандан кейин кейинги қадамлар ҳақида қарор қабул қилади.
- Украина барча асирларни озод қилиш ва болаларни қайтаришда қатъий турибди. Россияга 339 нафар фуқаро исм-шарифлари кўрсатилган рўйхат топширилди.
- 6 мингга 6 минг формуласи асосида ҳалок бўлганлар жасадлари алмашуви тасдиқланди.
- Киев музокараларнинг кейинги босқичини шу ой охирида ўтказишни таклиф этди. Унда давлат раҳбарлари, жумладан, АҚШ Президентининг ҳам иштирок этиши мумкин.
Ҳарбий кескинлик сақланаётганига қарамай, Истанбулдаги бу музокаралар раунди гумманитар масалалар бўйича олға қадам ва сиёсий мулоқотга қайтиш уриниши сифатида баҳоланмоқда. Халқаро жамоатчилик воқеалар ривожини диққат билан кузатмоқда, Туркия эса воситачиликда фаол рол ўйнашда давом этмоқда.