Россия Федерациясининг Тверь вилоятида ҳалокатга учраган самолёт бортида Евгений Пригожин бўлган
Шунингдек, Федерал ҳаво транспорти агентлиги маълумотларига кўра, бортда Сергей Пропустин, Евгений Макарян, Александр Тотмин, Валерий Чекалов, Николай Матюсеев ва уч нафар экипаж аъзоси бўлган: самолёт командири Алексей Левшин, иккинчи учувчи Рустам Каримов, стюардесса Кристина Распопова.
Чекалов аввалроқ АҚШ санкциялар рўйхатида Пригожинга яқин шахс сифатида тилга олинган эди.
«Embraer-135 (EBM-135BJ) самолётининг парвози ҳаво ҳудудидан фойдаланишга белгиланган тартибда берилган рухсатнома асосида амалга оширилди», — дейилади ҳаво транспорти федерал агентлиги хабарида.
ТАССнинг хабар беришича, ҳаво транспорти федерал агентлиги ҳалокат юзасидан суриштирув ишларини бошлаган. Воқеа жойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари иш олиб бормоқда.
Россия Тергов қўмитасининг Бош тергов бошқармаси 263-моддаси йўл ҳаракати хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш бўйича жиноий иш қўзғатди.