Россия Башар Асадни Сурияга топширишдан бош тортди

Россия Суриянинг янги ҳукуматининг Россияга қочиб кетган президент Башар Асадни экстрадиция қилиш ҳақидаги илтимосини рад этди.
Бу сўров Россия расмийларига январ ойида етказилган эди, деди Суриянинг муваққат президенти ва “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” (ҲТШ) жиҳодчи гуруҳи раҳбари Аҳмад аш-Шараа 23 апрель, чоршанба куни The New York Times (NYT) газетасига берган интервьюсида.
Рад этишига қарамай, Суриянинг янги маъмурияти Россия билан муносабатларни бузиш ниятида эмас ва "Сурия расмийлари Кремль билан музокараларга очиқ кўринади", деб ёзади NYT.
— Россия — БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси. Сурия қуроллари бутунлай Россияга тегишли. Сурия кўп йиллар давомида таяниб келган озиқ-овқат ва энергия таъминоти бўйича кўплаб келишувлар мавжуд, — дея аш-Шараа ва унинг ҳукумати "Сурия манфаатларини ҳисобга олишини" таъкидлади.
Суриядаги вайронкор фуқаролар уруши пайтида Москва Асад режимини қўллаб-қувватлаш учун мамлакатга самолётлар, кемалар, қўшинлар ва ҳарбий маслаҳатчилар юборган, деб эслайди NYT.
— Ҳозирча биз бошқа мамлакатлардан Сурия қуролларини алмаштириш бўйича ҳеч қандай таклиф олганимиз йўқ, - дея қўшимча қилди аш-Шараа ва унинг мамлакати яна Россиянинг кўмагига муҳтож бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Башар Асад ва унинг оила аъзолари Москвага боргани ҳақида хабар берган эдик.