Тоқаевнинг Италияга ташрифидан нимани кутиш мумкин
ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев 2024 йилдаги илк ташрифини Европадан бошлайди. У 18-19 январь кунлари Италия ва дунёдаги энг кичик давлат Ватиканга ташриф буюради. Президентнинг расмий ташрифидан нимани кутиш мумкин ва бундан аввал давлатлар ўртасидаги муносабатлар қандай эди? Мутахассис шарҳида кўпроқ ўқинг.

2024 йилги биринчи расмий ташрифи
Қасим-Жомарт Тоқаев ташрифнинг биринчи куни Италия Президенти Сержо Маттарелла ва бош вазир Жоржа Мелони билан учрашади. Бундан ташқари, Италия бизнес вакиллари билан учрашиб, икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилади.
Ўтган йили 23 май куни Бош вазир Жоржа Мелони Қасим-Жомарт Тоқаевга қўнғироқ қилган ва томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган. Бундан ташқари, энергетика, транспорт, саноат кооперацияси ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Италияга қисқача тўхталсак...
Италия - унитар парламент республикаси. Давлат раҳбари - президент. Ижро этувчи ҳокимият ва Ҳукуматни Италия Вазирлар Кенгашининг раиси бошқаради. Қонун чиқарувчи ҳокимият - 5 йилга сайланадиган икки палатали парламентдир.
Италия Президенти - Сержо Маттарелла. 2022 йил июль ойида Италия ҳукумати сиёсий инқироз туфайли истеъфога чиқди. 2022 йил сентябрь ойида мамлакатда навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтди. Натижада Жоржа Мелони бошчилигидаги «Италия биродарлари» партияси Сенатда ҳам, депутатлар палатасида ҳам кўпчилик овозни қўлга киритди. Ўнг қанот кучларининг ғалабаси Италияда 1945 йилдан бери биринчи ўнг қанот ҳукуматини шакллантиришга имкон берди.
Жоржа Мелони ким?
Шундай қилиб, Жоржа Мелони 2022 йил 22 октябрдан бошлаб Италия ҳукумати раҳбари бўлди ва мамлакат тарихидаги биринчи аёл бош вазир бўлди.
Жоржа Мелони 1977 йилда туғилган. У ҳали мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ сиёсатга аралаша бошлаган. Мелони 15 ёшида Италиянинг неофашистик ижтимоий ҳаракати – «Ёшлар майдони»га аъзо бўлди. Кейинчалик ўнг қанот радикал талабалар уюшмаси «Миллий альянс»га раҳбарлик қилди. 2006 йилда Италия парламенти депутатлар палатасига сайланган. 2008 йилда 31 ёшли Мелони Сильвио Берлускони Ҳукуматида Ёшлар ва спорт вазирлигини бошқарган ва Италия тарихидаги энг ёш вазирга айланган.

Жоржа Мелони Бош вазир бўлишдан олдин бир нечта лавозимларни эгаллаган ва ўз қарашлари нуқтаи назаридан, бугунги кунда Италия Европа Иттифоқини эркин иқтисодий иттифоққа айлантириш жараёнига раҳбарлик қилиши мумкинлигига умид қилмоқда.
Давлат раҳбарининг расмий ташрифидан нимани кутиш мумкин?
Ақорда матбуот хизмати Президент “Қозоғистон-Италия” сармоявий давра суҳбатида иштирок этиб, бир қатор йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашишни режалаштирганини хабар қилди. Шу боис Италия саноатининг Европа Иттифоқидаги етакчи ўринларини ҳисобга олган ҳолда Қозоғистон ва Италия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқалар Давлат раҳбарининг Италия бизнес вакиллари билан (ENI, Bonifiche Ferraresi, Cassa Depositie, Prestiti ва бошқалар) учрашувининг муҳим қисми бўлиши кутилмоқда.
Давлат раҳбари энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва ахборот технологиялари соҳаларида янги йўналишларни белгилаш, икки томонлама ҳамкорликни ошириш (агробизнес, нодир металлар, яшил энергия ва озиқ-овқат саноати, нефть хизматлари) бўйича Қозоғистон ташаббусларини илгари суриш бўйича музокаралар олиб боради.
Италия - Қозоғистоннинг учта йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан биридир
Италия - Қозоғистоннинг кўп векторли ташқи сиёсатида устувор, муҳим йўналиш ва стратегик ҳамкор ҳисобланади.
Давлатлар ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 21 августда ўрнатилган. 1992 йил октябрь ойида Қозоғистонда Италия элчихонаси, 1996 йилда эса Италияда Қозоғистон Республикаси элчихонаси очилди. 2009 йилда Италия ва Қозоғистон ўртасида давлатлараро стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланган.
Икки давлат ўртасида ўрнатилган 30 йилдан ортиқ дипломатик муносабатлар давомида конструктив сиёсий ҳамкорлик йўлга қўйилди, саноат-иқтисодий ҳамкорлик ва айирбошлаш бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳ тузилди.
Давлат раҳбарлари ва бош вазирлар, расмий шахслар ҳар икки томонга бир неча бор ташриф буюрди, дипломатик алоқалар жадал ривожланмоқда.
Шунингдек, 2019 йилда Италия Марказий Осиёда 1+5 мувофиқлаштириш ташаббусини бошлаб юборган бўлиб, унда Қозоғистон ҳам иштирок этиб, салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
Италия Козогистоннинг 2022 йилдаги ташки савдо айланмасининг умумий хажмида 11,5% улуш билан Россия Федерацияси ва Хитойдан кейинги учинчи уринда туради.

Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлигининг Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, Қозоғистонда Италия иштирокидаги 303 та компания рўйхатга олинган (2023 йил октябрь ҳолатига кўра). Корхоналар асосан қурилиш, савдо ва илмий-техник фаолият соҳаларида фаолият олиб боради. Энергетика соҳасида Қозоғистоннинг нефть ва газ соҳасидаги энг йирик ҳамкори - Eni S.p.A ҳисобланади.
ENI - нефть ва газни қидириш, қазиб олиш, ташиш, қайта ишлаш ва маркетинг каби соҳаларни ривожлантиришга қаратилган йирик интеграциялашган энергетика компанияси. Унда дунёнинг 79 та давлатида 80 минг киши ишлайди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистондан Италияга 2023 йил январдан октябргача 11,8 миллиард долларга 20,1 миллиард тонна хом нефть ва хом нефть маҳсулотлари экспорт қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов мамлакатга расмий ташриф билан келган Италия Вазирлар кенгаши раиси ўринбосари – ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Антонио Таяни билан учрашган.
Маданий-гуманитар алоқа
Таълим соҳасида Қозоғистон ва Италия олий таълим муассасалари ўртасида 30 дан ортиқ шартномалар имзоланган. Улар орасида Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университети билан Римнинг Сапиенца университети, Қозоғистон миллий санъат университети ҳамда Неаполдаги Салерно ва Сан-Пьетро-а-Мажелла давлат консерваториялари ўртасида алоқа ўрнатилган. Талаба алмашинув дастурлари бўйича фаол ҳамкорлик давом этмоқда (Сапиенца, Салерно, Касино, Неаполь ва Феррара университетлари).
Шунингдек, ўтган йил 30 ноябрда Алмати шаҳрида Марказий Осиёдаги ягона Италия маданияти институти очилган. Октябрь ойида Ўскемен шаҳридаги Аманжолов университети негизида Генуя университети филиалини очиш тўғрисида шартнома имзоланди. Қозоғистонлик талабалар Италия университети филиалида ўқиб, икки томонлама диплом олишлари мумкин.

Бундан ташқари, 2023 йил октябрь ойида нашр этилган “Қозоғистон. Чексиз макон, чексиз гўзаллик” қўлланмаси италян тилидаги энг муҳим маданий ва имидж лойиҳаларидан бирига айланди.
Ватиканга сафар
Италиядан кейин Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Ватиканда Рим Папаси Франциск билан учрашади.
Бунгача, 2022 йил сентябрь ойида Рим Папаси Франциск Қозоғистонга келиб, Астанада бўлиб ўтган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII съездида иштирок этган эди.
Шу пайтгача Рим Папаси Қозоғистонга икки марта ташриф буюрган: 2001 йилда мустақил Қозоғистоннинг 10 йиллиги муносабати билан Рим Папаси Иоанн Павел II мамлакатга биринчи марта келган бўлса, иккинчи марта юқорида тилга олинган Францискнинг 2022 йилдаги ташрифи бўлган.
