Рим Папаси тинчлик ва ўзаро англашувга чақирувчи ташаббусларга сабабчи бўлиши мумкин - Тоқаев

Учрашувдан аввал Президент саройида Понтификни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Фахрий қоровул ротаси бошлиғининг ҳисоботидан сўнг ҳар икки давлат мадҳиялари янгради. Қасим-Жомарт Тоқаев ва Рим Папаси фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, икки томонлама музокаралар учун «Шарқ» залига йўл олди.
Қасим-Жомарт Тоқаев Католик черкови раҳбарига Қозоғистонга ташрифи учун миннатдорчилик билдирди.
«Қозоғистонга, умуман, Марказий Осиё минтақасига биринчи ҳаворий ташрифингиз қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар, юртдошларимга катта қувонч бағишлади. Ташрифингизни хайр-эҳсон ва адолат йўлидаги маънавий етакчиликнинг ёрқин намунаси сифатида қадрлайман. Иоанн Павел Ҳазратларининг Қозоғистонга тарихий ташрифи 2001 йил сентябрида, ўша йилнинг 11 сентябрида АҚШда бутун дунёни ларзага солган терактдан сўнг бўлиб ўтган эди. Бу катта рамзий аҳамиятга эга эди»
, - деди Давлат раҳбари.
Президент Рим папасининг ташрифи халқаро майдондаги кескин вазият ва дунёдаги жиддий геосиёсий вазият фонида ўтаётганига эътибор қаратди.
Қасим-Жомарт Тоқаев католик черкови раҳбарининг Қозоғистонга ташрифи, жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойида иштирок этиши жуда муҳим воқеа эканини таъкидлади. Президентнинг сўзларига кўра, Рим Папаси тинчлик, ўзаро англашув ва муросани тарғиб қилувчи ташаббусларга сабабчи бўлиши мумкин.
Ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида ўтган учрашувда Давлат раҳбари ва Рим Папаси конфессиялараро тотувлик ва динлараро мулоқотни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини, Қозоғистон ва Ватикан ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини, шунингдек, ҳозирги дунё муаммолари юзасидан фикр алмашдилар.
Фото: akorda.kz