Референдум - бу жамоатчилик фикри билан ҳисоблашишнинг энг олий ифодаси - ўзбекистонлик эксперт
ТASHKENT. Кazinform - Демократия нуқтаи назаридан референдум - жамоатчилик фикри билан ҳисоблашишнинг энг олий ифодаси. Бундай фикрни таниқли ўзбекистонлик сиёсатшунос, “Билим карвони” нодавлат илмий таълим муассасаси директори Фарҳод Толипов билдирди, дея хабар беради Kazinformнинг Ўзбекистондаги мухбири Алихан Асқар.
Фарход Толипов таъкидлаганидек, нафақат АЭС, балки қайси ҳудудда жойлашган ҳар қандай саноат объекти ҳам ўша ҳудуд ривожига ҳисса қўшиши муқаррар. Шу билан бирга, таклифга бир ёқлама қарамаслик, яъни ғоя ҳар томонлама ўрганилиб, адолатли баҳоланиши керак.
“Агар масалага бир ёқлама қарасак, атом электр станциялари хавфсизлиги ҳақидаги бугунги фикрларни эътиборсиз қолдирадиган бўлсак, бу одамлар ҳаётининг яхшиланишига ҳам таъсир қилишини кўриш мумкин. Чунки, биринчи навбатда, АЭС электр энергияси билан таъминлашга қаратилган лойиҳадир. Шунга кўра, у ўша минтақадаги ёки бошқа ҳудудлардаги давлат объектлари ва хусусий секторни энергия билан таъминлайди. Бироқ, шу билан бирга, АЭС қурилишига бир томонлама баҳо бериш мумкин эмас. Чунки бу жуда муҳим стратегик объектдир. Шунинг учун унинг афзалликлари билан бир қаторда бошқа хусусиятларини ҳам ҳисобга олган ҳолда қарор қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўлади”, — дея қўшимча қилди сиёсий фанлар номзоди.
Унинг сўзларига кўра, АЭС қуриладиган ҳудуднинг барча хусусиятларини ҳисобга олиш керак. Зеро, дунё мамлакатларида қурилаётган барча энергия блоклари фақат битта технология билан қурилган эмас. Шунинг учун АЭСни минтақанинг географик, гидрологик ва сейсмологик шароитларига мослаштириш тамойили биринчи ўринда туриши керак.
“Ҳар бир АЭС қурилган ёки қуриладиган мамлакат ва жойлашувига қараб фарқланади. Атом энергетикаси соҳасида илғор бўлган АҚШ, Франция, Хитой, Япония каби мамлакатларда қурилган атом электр станциялари ўша давлатнинг иқлими ва эҳтимолий хавф-хатарларига мослаштирилган. Шу билан бирга, фақат битта тизимлаштирилган технология мавжуд деб айтиш қийин. Масалан, минтақамизда зилзилалар бўлади, сув етишмайди. Буларнинг барчасини АЭС қуриш ғоясини муҳокама қилишда инобатга олиш керак”, - дейди Фарход Толипов.
Бу борада экспертнинг фикрича, АЭС халқ учун қурилишини инобатга олиб, унинг барча технологик жараёнлари аҳолига очиқ ва ҳаққоний тушунтирилиши керак.
“АЭС қурилиши билан боғлиқ айрим саволлар ёпиқлигича қолмоқда. Бу иншоот халқ манфаати учун бунёд этиладиган бўлса, унинг ижобий ва салбий томонларини, умуман, атом энергетикасининг келажаги ҳақида тўлиқ хабардор бўлишимиз керак. Хусусан, аҳолига АЭС қурилишидан тортиб технологик жараёнгача бўлган маълумотларни етказиш керак”, — деди эксперт.
Шунингдек, Фарҳод Толипов Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум юзасидан ўз фикрини билдирди. У таъкидлаганидек, стратегик аҳамиятга эга объект қурилиши масаласини халқ билан маслаҳатлашган ҳолда ҳал этиш оқилона ташаббус. Бироқ, бундан олдин очиқ ва адолатли муҳокама ўтказилиши керак, шунга кўра, аҳоли онгида АЭС ҳақидаги тасаввур шаклланади.
“Демократия нуқтаи назаридан референдум - жамоатчилик фикри билан ҳисоблашишнинг энг олий ифодаси. Атом электр станциясини қуриш референдумга лойиқ масала ҳисобланади. Ўйлайманки, миллий даражада муҳимроқ саволлар тез-тез пайдо бўлмайди. Ўйлайманки, халқ тушунади ва тизимли равишда овоз беради. Баъзида фуқаролар саволнинг жиддийлигига кирмасдан танлов қилишади. Шу боис референдум олдидан очиқ муҳокамалар ўтказилиб, малакали мутахассисларнинг фикри инобатга олинсин. Бунинг натижасида жамоатчиликда АЭС ҳақидаги тушунча шаклланади”, - дея хулоса қилди Фарход Толипов.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда АЭС қуриш бўйича референдум 6 октябрь куни бўлиб ўтади. Аввалги сўровлар натижаларига кўра, қозоғистонликларнинг деярли 60 фоизи референдумда қатнашиш ниятида.