Рақамли оила картаси туфайли 7 мингдан ортиқ қозоғистонлик давлат хизматларини олди
Ҳозирги вақтда РОК давлат томонидан қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эга бўлган қозоғистонликларга тўққиз турдаги нафақалар ва ижтимоий тўловлар учун ариза бериш имкониятини беради:
ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан даромадидан маҳрум бўлган тақдирда ижтимоий тўлов;
болани парвариш қилиш муносабати билан даромадини йўқотган тақдирда ижтимоий тўлов;
ишдан айрилган тақдирда ижтимоий нафақалар;
боқувчисини йўқотганлик учун ижтимоий нафақалар;
ногирон болани тарбиялаётган ота-онага (васийга) бериладиган нафақа;
ногиронлик нафақаси;
кўп болали оилалар учун нафақа;
«Алтын алқа» ва «Күміс алқа» (олтин, кумуш медаль маъносида)нишонлари билан тақдирланган кўп болали оналарга бериладиган нафақа;
манзилли ижтимоий ёрдам.
«Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини олиш ҳуқуқи белгиланаётганда потенциал олувчига 1414 ягона алоқа марказидан SMS-хабар юборилади. SMS-хабар олган фуқаро унга розилик билан жавоб бериши керак. Мурожаатни расмийлаштириш ва ижтимоий нафақалар ёки тўловларни тайинлаш автоматик тарзда, кейинчалик олувчининг банк ҳисобварағига пул маблағларини ўтказиш билан амалга оширилади.
«РОК орқали проактив форматда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари аллақачон 7 мингдан ортиқ фуқароларга белгиланган», — дейилади идора хабарида.
Аввал хабар қилинганидек, «Рақамли оила картаси» – бу турли давлат органлари маълумотларини жамловчи ахборот тизими бўлиб, фуқароларнинг ижтимоий фаровонлик даражасини аниқлаш ва уларга проактив форматда кафолатланган давлат ёрдамини кўрсатиш имконини беради.
«Ҳозирги кунга қадар давлат органларининг ахборот тизимлари маълумотлари асосида РОК Қозоғистоннинг 19,5 миллион фуқароси ёки 6,3 миллион оила ҳақида маълумот тўплаган», — дейилади вазирлик хабарида.
Лойиҳани амалга ошириш босқичлари:
- жорий йилнинг 1 сентябридан 9 турдаги нафақа ва ижтимоий тўловлар бўйича янги форматда хизматлар кўрсатиш имконияти яратилди;
- 2023 йил 1 январдан бошлаб рўйхат аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар билан кенгайтирилади;
- 2024 йил 1 январдан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида давлат кафолатлари киритилади;
- 2025 йилдан бошлаб барча турдаги давлат кафолатлари қамраб олинади.
Меҳнат вазирлигида таъкидланганидек, фирибгарлик хавфини бартараф этиш учун 1414 ягона алоқа марказидан олинган SMS-хабарларга жавоб бериш керак.