Пуллик йўллар қишга тайёрми
PAVLODAR. Кazinform — Павлодар вилояти ҳудудида умумий узунлиги 1026 километр бўлган учта пуллик автомобиль йўллари мавжуд. Асосийси “Астана – Павлодар” автобани, қолган иккитаси “Павлодар – Қалбатау” ва “Павлодар – Россия Федерацияси чегараси” автомобиль йўллари. Бугунги кунда қишга тайёргарлик кўриш ва пуллик автомобиль йўлларининг эксплуатацияси бўйича қатор муаммолар юзага келмоқда.
Миллиардлаб маблағга қурилган йўл бўйида хизмат кўрсатиш шохобчалари ишламайди
1А тоифасига кирувчи тўрт полосали автобаннинг Павлодардан пойтахтгача бўлган 191 километри Павлодар вилоятида, қолган қисми Ақмола вилоятида жойлашган. Бугунги кунда бу йўлда автомобиллар 490 тенге, юк машиналари вазнига қараб 2390 тенгедан 11 990 тенгегача, автобуслар эса 2390 тенгедан 11 990 тенгегача тўлайди. Соатига 140 километргача юриш мумкин бўлган янги стандарт йўл туфайли пойтахтга етиб бориш муддати аввалгига қараганда қисқароқ, автомобилда бор-йўғи 3-3,5 соатда етиб бориш мумкин. Шу тариқа, автобан аллақачон транспорт оқими жиҳатидан мамлакатдаги ҳал қилувчи инфратузилмалардан бирига айланган.
Афсуски, бу икки оралиқда йўловчиларга ёқмайдиган камчиликлар етарлича. Айниқса, йўл бўйлаб хизмат кўрсатиш қониқрсиз аҳволда. Ёқилғи қуйиш шохобчалари, кафе ва меҳмонхоналар, иссиқ ҳожатхоналар етарли эмаслиги яққол кўриниб турибди. Бу муаммо, айниқса, пойтахтдан қайтишда долзарбдир. Ақмола вилоятидан Экибастузгача ёнилғи қуйиш шохобчалари йўқ. Йўл ҳаракати оғир, темир панжара билан ажратилган автобанда тартибсиз тўхташга рухсат берилмайди. Буни яхши билган ҳайдовчилар Астанадан чиқаётганда машинасининг бензин бакига тўлдириб олади. Фақат автоуловларга техник хизмат кўрсатадиган бир нечта пунктларгина мавжуд.
Вилоят тадбиркорлар палатаси Экибастуз филиали директори Медият Мусанапнинг айтишича, йўл бўйлаб оғир юк машиналари тез-тез қатнайди, ташқаридан келаётган ташувчиларга бу борада сифатли хизмат кўрсатилмаяпти.
— Маҳаллий тадбиркорлар йўл бўйида корхона очишга иштиёқманд. Бироқ уларни “ҚазАвтоЖол” таклиф қилаётган талаблар қониқтирмаяпти. Ёқилғи қуйиш шохобчалари, буфетлар қуриш таклифлари бўлса-да, улар учун зарур ер майдонларини тайёрлаш, инфратузилмани жалб қилиш катта муаммога айланиб бормоқда. Миллий компания тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлганларга кўп ваъдалар берса-да, амалда ваъдасини бажара олмаяпти. Бир неча йил аввал акциядорлик жамияти буюртмасига кўра Шидерти қишлоғи ёнида кўп функцияли йўл бўйи мажмуаси (кемпинг) қурилган эди. Қарийб 1,5 миллиард тенгелик лойиҳа қурилиши тугалланган бўлса-да, бугунгача бўш турибди. Чунки объектни ижарага олишга қурби етадиган салоҳиятли тадбиркор йўқ. Бундан ташқари, йўлда транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, техника ғилдиракларини таъмирловчи устахоналар деярли йўқ. Қиш келмоқда. Бу масалалар, айниқса, совуқ мавсумда долзарб, - дейди у.
Айтишимиз мумкинки, иккинчи тоифадаги пуллик йўлга кирувчи “Павлодар — Қалбатау” автомагистралида, аниқроғи Аққулида 5 йилдан буён юқоридаги каби яна бир мажмуа бўш турибди. Умумий қиймати қарийб 1 миллиард тенгега қурилган улкан бинони шу кунгача ижарага оладиган тадбиркор топилмади.
Маҳаллий фаол аҳолининг сўзларига қулоқ соладиган бўлсак, биринчи навбатда бундай кўп функцияли мажмуаларни қуриш миллий компания (“ҚазАвтоЖол”) томонидан хато бўлган. Йўловчилар учун қулайликларнинг бутун мажмуасини, яъни ёқилғи қуйиш шохобчаси, меҳмонхона, кафе, автоювиш, хизмат кўрсатиш шохобчаси ва дам олиш маскани билан йўл бўйлаб хизмат кўрсатиш жуда қимматга тушади.
Ҳамма нарса бир жойда тўплангани боис, уларни иситиш, таъмирлаш, хизмат кўрсатиш, ходимларга иш ҳақини бир марказдан тўлаш катта маблағ талаб қилади. 2019 йилда мамлакат бўйича 41 та шундай иншоот қурилиши айтилган. Бироқ дастлабки 4 та мажмуа қурилиб, ярми фойдаланилмай қолгач, лойиҳанинг ўзи барбод бўлгани маълум бўлди. Шундай қилиб, акциядорлик жамияти ундан воз кечган.
“Ҳозирда корхоналар шаҳар ташқарисида ишлашга тайёр эмас. Муваффақиятли бошқарув етишмаяпти. Бунга “Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой” автомобиль йўлининг Қизилўрда вилоятидаги қисмида ижобий мисоллар келтириш мумкин. Трафик кўп ва бизнес яхши кетмоқда. Павлодар вилоятида эса йўлда муаммо бор, тадбиркорлик вакиллари фаол эмас”, — деган сўзни эшитдик компаниянинг йўл бўйи сервисини ривожлантиришга масъул мутахассисларидан.
Иссиқ ҳожатхоналар етишмайди
Павлодар ва Астана ўртасида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи хусусий тадбиркор Асет Қайратовнинг айтишича, икки йўналишда иссиқ ҳожатхоналар кам. Бу эса қишда йўловчиларга муаммо туғдиради.
— Иссиқ ҳожатхоналар пойтахтдан келаётганда Экибастуз шаҳридан (Байет қишлоғи яқинида) 30 километр узоқликда ва Тўртқудуқ қишлоғи яқинида жойлашган. Бундан ташқари, Шидерти ва Қалқаман қишлоғида кафелар ичида шундай ҳожатхоналар бор. Шуни таъкидлаш керакки, бу кафеларнинг ҳаммаси ҳам 24/7 ишламайди. Байет билан Тўртқудуқ орасидаги масофа 100 километрга яқин. Шу боис йўловчилар эҳтиёжлари учун ушбу икки оралиқда қўшимча замонавий ҳожатхоналар қурилиши керак, деб ҳисоблаймиз. “КазАвтоЖол”га йирик мажмуалар қуриш ўрнига кичик кафе ва ёқилғи қуйиш шохобчалари қуриш қулай бўларди. Уларни ижарага олган тадбиркор қишда иситиш учун кўп пул сарфламайди. Объектларни сотиб олиб, уларни янада ривожлантиришлари аниқ, - деб ҳисоблайди Асет Қайратов.
Иссиқ ҳожатхоналар ва буфетлар муаммоси “Павлодар – Қалбатау”, “Павлодар – Россия Федерацияси чегараси” пуллик йўлларида ҳам долзарбдир. Мисол учун, Россия Федерациясига борадиган йўлда иссиқ ҳожатхона фақат 100 километр узоқликдаги Теренкўл қишлоғида жойлашган.
Чироқсиз кўприклар хавфли
Ҳайдовчилар автобан бўйлаб ёруғлик ҳақида кўп шикоят қилмоқдалар. Айниқса, Қалқаман, Пограничник, Шидерти ҳудудларидаги кўприклар яқинида чироқлар тез-тез ўчади. Шу сабабли тунда ҳайдовчилар бурилиш нуқтасидан ўтиб, чалғишади.
Жорий йилда қайд этилган аҳоли пунктларидан ташқари “Бўзшакўл” ва “Қарағанди” йўл кесишмаларида ёритиш тизими яхши ишламаяпти. “ҚазАвтоЖол”га ушбу муаммо сабабини сўраганимизда, компаниянинг вилоят филиали директори ўринбосари Алмат Шойинбоев шундай жавоб берди:
— 10 киловаттлик кабель носозлиги сабабли “Бўзшакўл” ва “Қарағанди” йўл кесишмаларида чироқлар ёқилмаган. Жорий йилнинг 28 октябридан эса “КАЖсервис” МЧЖ электр монтёрлари жамоаси “Қизилўрда-Павлодар-Успенка-РФ чегараси” автомобиль йўлининг 1206-1367-километрларида ёритишни тиклаш ишларини бошлаб юборди. “Қалқаман” ва “Пограничник” йўл кесишмаларида ёритиш тизими мавжуд, бироқ муаммо аниқланган жойларда ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳудудда ёритишни тиклаш ишлари ноябрь ойи охиригача давом этади, - деди у.
Автобан нега ёпилаверади?
Қишда энг кўп ёпиладиган йўл пойтахтга олиб борадиган автобандир. Агар бўрон ёки яхвонлик бўлса, автобан ёпилади. Шимолга қаттиқ совуқ ҳали келгани йўқ. Шунга қарамай, жорий йилнинг ноябрь ойи бошидан бери об-ҳаво туфайли автобан бир неча бор ёпилган. Ҳайдовчиларга бу муаммо ёқмайди. Бу йўлдан мунтазам равишда қатнайдиган ҳайдовчиларнинг фикрича, қишда йўлни тозалаш ва яхвонликка қарши материал сепиш учун “ҚазАвтоЖол”нинг имкониятлари етарли эмас.
— Йўлга масъул бўлган корхонада қор тозалаш учун махсус техника ва ишчилар кам кўринади. Қишда қаттиқ қор ёғса, машиналар колоннаси тирбандликда қолиб кетади. Йўл тозаловчи махсус машиналарни эса камдан-кам кўрамиз. Бетон йўл қишда жуда сирпанчиқ бўлади, бироз илиқ бўлса, йўл юзаси кўзгудек ярқираб туради. Бироқ, яхвонликка қарши қум ва бошқа материалларни сепиб юрганларни кўрмадик. Фақат муаммо юзага келса ва йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез учраса, техникалар пайдо бўлади. Мен тез-тез Россияга саёҳат қиламан. Техникалар базалари қўшни давлат йўлларида маълум масофаларда жойлашган. Агар қор ёғса, яхвонлик бўлса, дарҳол ишлай бошлайди. Натижада, йўлни тўсиб қўйиш тажрибаси уларда жуда кам учрайди. Бизнинг хизмат кўрсатувчи компанияларимиз эса бу масалага масъулиятсиз муносабатда бўлаётганини сезамиз. Ана шундай масъулиятсизлик туфайли бахтсиз ҳодисалар рўй бериб, қанчадан-қанча инсонлар ҳалок бўлмоқда. Қолаверса, автобаннинг Шидерти ва Бўзшакўл ўртасидаги йўл қисми ҳозир тешикларга тўлиб кетган, тунда ҳаракатланиш ўта хавфли. Билмаган одамлар катта тезликда ҳайдаб, машинасига зарар етказади, бунинг оқибатида баъзида бахтсиз ҳодисалар рўй беради, – дейди икки ҳудудда юк ташувчи ҳайдовчи Берик Есқалиев.
“ҚазАвтоЖол” АЖ Павлодар вилояти филиали маълумотларига кўра, республика аҳамиятига эга автомобиль йўлларини қиш мавсумида сақлаш учун 107 та техника мавжуд.
— Жумладан шнекоротор-9 1 дона, КДМ-45 1 дона, автогрейдерлар-17 дона, тракторлар (К-700, МТЗ ва бошқалар) — 24 дона, бульдозерлар-3 дона, юк кўтарувчилар — 9 дона. Республика аҳамиятига эга автомобиль йўлларини қиш мавсумида сифатли сақлаш мақсадида 4 дона автогрейдерлар харид қилиниб, 33 дона техникани ижарага олиш учун тендер эълон қилинди. Вилоят ҳудудида 1662,78 километр республика аҳамиятга эга автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, уларни сақлаш “ҚАЖсервис” МЧЖ Павлодар вилояти филиали зиммасига юклатилган. Штатда оғир техникани қайта ишлашга ихтисослашган малакали мутахассислар мавжуд, шунингдек, оғир техникани сақлаш учун ўз автохўжаликларига эга. Сўнгги тўрт йилда ҳамкорликда 31 та техника (МТЗ 92 — 3, КДМ — 17, юк кўтарувчилар — 7, автогрейдерлар — 4) харид қилинди, - дейилади компания хабарида.
Жорий йилда мазкур корхонага республика аҳамиятидаги автомобил йўлларини сақлаш учун 5,6 миллиард тенге ажратилди. Унинг 2,9 миллиард тенгеси пуллик йўлларга йўналтирилган. Ушбу маблағ эвазига йўл бўйлаб қор йиғиш жойларига хандақ ва шахталар, ёғоч қалқонлар ўрнатиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, чеккалар ва ёнбағирларда ўсимликлар ўрилган, буталар ва бошқа ўсимликлар ёқиб юборилган, чуқурлар ямалган. “ҚАЖсервис” томонидан қисқа муддатда фойдаланиш учун 14 033 куб метр қум, 3 367 тонна омухта тупроқ, 3 502 тонна техник туз, 2 165 тонна кўмир, 5,4 тонна музга қарши восита тайёрланди. Йўл бўйида 14 та ишлаб чиқариш базаси, 9 та қозонхона, 12 та иссиқлик пункти хизмат кўрсатишга тайёргарлик кўрмоқда.
Ҳудуддаги бошқа йўлларнинг аҳволи қандай?
Павлодар вилояти ҳудудида умумий узунлиги 5,5 минг километр бўлган автомобиль йўлларини сақлаш учун 3,4 миллиард тенге ажратилди. Бунга республика, вилоят ва туман аҳамиятидаги автомобиль йўллари киради.
Павлодар вилояти йўловчи транспорти ва йўллари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нариман Омарнинг айтишича, қиш мавсумида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ҳаракатланишнинг хавфсиз ва узлуксиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида 38 пудратчи ташкилот билан шартномалар тузилган.
Шунингдек, яхвонликка қарши 8,3 минг тонна материал тайёрланиб, йўлларга 387 та махсус техника ва 850 га яқин ишчи сафарбар этилган. Ҳудудий йўлларда 3 та асосий кўприк, 846 та ёруғлик устунлари, 16 та йўл кесишмаси, 3000 га яқин светофорлар мавжуд.
Энергетика ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси маълумотларига кўра, кўча ва аҳоли пунктларини сақлашга 97 та пудратчи ташкилот масъул. Уларда 576 та махсус техника мавжуд бўлиб, йўл четларида қорни қўлда тозалаш учун 600 га яқин ишчи сафарбар этилиши режалаштирилган.
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев: “Йўл сифатига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун тегишли техникалар билан жиҳозланган ўз корхоналаримизни жалб қилишимиз керак. Умуман олганда, йўл масаласида фақат битта мақсад бўлиши керак. Мамлакатдаги барча йўллар, хоҳ миллий, хоҳ минтақавий бўлсин, сифатли бўлиши керак. Вазият ҳали яхши эмас”, - деган эди.
“ҚазАвтоЖол” акциядорлик жамияти раҳбарияти ушбу муаммони ҳал қилиш учун жиддий ва қатъий чоралар кўради, деб ўйлаймиз. Йўлларни пуллик қилишдан олдин, йўловчилар тўхтаб, дам оладиган замонавий хизмат кўрсатиш шохобчаларини қуриш яхшироқдир. Хизмат яхшиланса, пуллик йўлда хавф-хатар камайиб, транспорт оқими кўпайиши аниқ.