Президент “Жетису” волейбол клубининг аҳволи билан танишди
ASTANA. Kazinform — Президент “Жетису” волейбол клубининг машғулотлар мажмуасини бориб кўрди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Жорий йилда фойдаланишга топширилган бинонинг қурилишига 1,2 миллиард тенге сарфланди.

Майдони 1639,4 квадрат метр бўлган иншоот икки блокдан иборат. Уч қаватли асосий бино волейбол бўйича машғулотлар, жисмоний тарбия ва реабилитация жараёнларини ўтказиш учун мўлжалланган.

Мажмуада спорт ва тренажёр заллари, тиббиёт ва маъмурий кабинетлар мавжуд.

Давлат раҳбари спортчилар учун қурилган уй-жой билан танишди. Хонадонлардан ташқари ошхона, синф хоналари ва дам олиш маскани ҳам мавжуд.
Хусусий инвестор томонидан қурилган бинонинг майдони 3866,5 квадрат метрни ташкил этади.
Қасим-Жомарт Тоқаев мутахассислар ва спортчилар билан суҳбатлашиб, жамоа яхши ўйин кўрсатаётганини таъкидлади.

Шу пайтгача Алмати шаҳрида машғулот ўтказган клуб энди вилоятда ҳам машғулот ўтказиши мумкинлигига этибор қаратди. Сўз сўнгида спортчиларнинг халқаро миқёсда чиқишлари зарурлигини айтиб, келгуси мусобақаларда ҳам ғалаба қозонишларини тилади.

Жамоа аъзолари яратилган қулай шароитлар учун Давлат раҳбарига миннатдорчилик билдириб, волейбол тўпига имзо чекишини сўради.
Аввалроқ Давлат раҳбари Интимақ қишлоғидаги умумтаълим мактабида бўлди.