Президент Жетису вилоятининг туризм салоҳияти билан танишди
Чўқон Валихонов номидаги “Алтинемел” мемориал музейида Давлат раҳбарига Жетису вилоятида туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.
Вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Алининг айтишича, туризм соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ асосий кўрсаткичларда ўсиш кузатилмоқда. Сўнгги уч йилда вилоятга келаётган сайёҳлар сони икки баравар ошди. Бу соҳадаги хизматлар ҳажми эса 16 миллиард тенгега етди.
Бу йўналиш ривожига янги суръат бағишлаш мақсадида қатор инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Хусусан, эндиликда Олакўлга бир неча турдаги транспортларда бориш мумкин. Ўтган йили “Ушарал” аэропортининг учиш-қўниш йўлаги реконструкция қилиниб, мунтазам ҳаво қатнови йўлга қўйилди. Жорий йилда “Астана – Дўстлик” йўналишида “Тальго” поезди қатнови йўлга қўйилиб, “Ушарал – Дўстлик” автомобиль йўлини реконструкция қилиш ишлари якунланди. Айни пайтда “Талдиқорған-Қалбатау-Ўскемен” автомобиль йўлини таъмирлаш, Олакўл курорт ҳудудида юқори вольтли электр тармоқларини тортиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, “Балқаш” сайёҳлик ва дам олиш масканининг бош режаси” ишлаб чиқилди. Унинг доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан 16 километрлик қирғоқда муҳандислик-коммуникация тармоғи қурилади, умумий майдони 860 гектар майдонда 7 йўналишда дам олиш масканлари жойлаштирилади. Режа доирасида 30 миллиард тенгегача хусусий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, келгуси йили кўлга олиб борувчи “Алмати – Ўскемен – Лепси – Ақтоғай” йўлини реконструкция қилишни якунлаш режалаштирилган.
“Алтин-Емел”, “Жунғар Алатауи” миллий боғларида экологик туризмга устувор аҳамият берилади. Жорий йилда «Altynemel» ташриф маркази очилди. “Жунғар Алатауи” миллий боғи ҳудудида умумий қиймати 1,7 миллиард тенге бўлган 8 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.
Бундан ташқари, Текели шаҳри яқинида тоғ-чанғи-биатлон мажмуасини қуриш, Бурқанбулоқ шаршарасига борадиган йўлни таъмирлаш режалаштирилган.
Давлат раҳбари муҳандислик-коммуникация тармоғини фаол ривожлантириш, сайёҳлик ва дам олиш масканларини ободонлаштириш орқали вилоятнинг туризм салоҳиятини ошириш зарурлигини таъкидлади.
– Умуман олганда, вилоятда сайёҳлик объектлари етарли. Шунинг учун уларнинг барчасига тегишли даражада аҳамият бериш ва ривожлантириш керак. Туризм Жетису вилояти иқтисодиётининг устувор йўналиши бўлиши лозим. Қанчалик кўп сайёҳлар келса, бу ҳудуд учун шунчалик ижобий бўлади. Жетису вилоятининг табиати ажойиб. Вилоятнинг туризм соҳасидаги салоҳияти жуда катта, - деди Президент.