Президент “Замон ва цивилизациялар боғлиқлиги – тинчлик ва тараққиёт асоси” форумида нутқ сўзлади
ASTANА. Kazinform - Давлат раҳбари Туркманистонга расмий ташрифи доирасида туркман шоири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Замон ва цивилизациялар боғлиқлиги - тинчлик ва тараққиёт асоси” мавзуидаги халқаро форумда иштирок этди.
Президент ўз нутқида Махтумқули бутун Шарқ халқига хос буюк мутафаккир, туркман мумтоз адабиётига асос солган ноёб шахс эканлигини таъкидлади.
– Махтумқули Фироғий - жаҳон маънавиятида ўз ўрнига эга тарихий шахс. Шу боис ЮНEСКО шоир меросини “Жаҳон хотираси” халқаро рўйхатига киритди. ТУРКСОЙ ташкилоти эса бу йилни “Турк дунёсининг буюк шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий йили” деб эълон қилди. Бу, шубҳасиз, барча туркийларнинг алоҳида шарафидир. Ташкилот қарори шоир ижодининг халқаро миқёсда эътироф этилишига хизмат қилади, деб ўйлайман, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, жаҳонда геосиёсий вазият оғирлашиб, турли глобал муаммолар юзага келаётган мураккаб даврда буюк мутафаккирнинг маънавий мероси айниқса долзарб бўлди.
–Махтумқули шеърияти теран гуманистик фикрларга бой. Шоир ўз асарларида тинчлик, ўзаро ишонч, ҳурмат каби мустаҳкам қадриятларни улуғлайди. Унинг ҳар бир асарида Ватанга чексиз муҳаббат мужассам. Махтумқули халқни бошқа эллар, яъни бутун дунё билан ҳамжиҳатликда яшашга даъват этган. У буни порлоқ келажак гарови, деб тушунди, - деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев Туркманистонда бугунги кунда кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар амалга оширилиб, жадал ривожланиш йўлига кирганига эътибор қаратди. Шу билан бирга, бу чора-тадбирлар кўп асрлик тарихга эга туркман давлатчилигини мустаҳкамлашига ишонч билдирди.
- Келгуси йили Туркманистон доимий бетарафлик сиёсатининг 30 йиллигини нишонлайди. Қардош халқ бу тамойилга қатъий амал қилади. Миллий ўзликни сақлайди, мамлакат манфаатларини ҳимоя қилади. Ана шундай изчил сиёсат туфайли Туркманистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузи ошди. Бетараф Туркманистон дунёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, у Марказий Осиё ва Каспий минтақасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2025 йилни Халқаро тинчлик ва ишонч йили деб эълон қилди. Бу хайрли ташаббус Туркманистон давлати томонидан амалга оширилди. Махтумқули туркман халқининг фундаментал мамлакатга айланишини орзу қилган. Бугун буюк бобонинг орзуси ушалди. Туркманистон – қудратли ва гуллаб-яшнаган давлат, – деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонда Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллиги муносабати билан ташкил этилган маданий тадбирлар ҳақида гапириб, бу ташаббуслар буюк мутафаккир меросини ҳар томонлама тарғиб қилиш, маданий дипломатияни ривожлантиришга кенг йўл очишини таъкидлади. Хусусан, Астана шаҳрида қад ростлаган Махтумқули ҳайкали икки давлат ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик рамзи сифатида юқори баҳоланди.
Бундан ташқари, Давлат раҳбари кеча Туркманистонга расмий ташрифи доирасида Ашхобод шаҳрида буюк қозоқ мутафаккири Абай Қўнонбойулининг ҳайкали тантанали равишда очилганини таъкидлаб, Абай ва Махтумқули ижодида ҳамоҳанглик, ҳамжиҳатлик борлигини таъкидлади.
– Уларнинг маънавий мероси ҳар икки мамлакатнинг серқирра маданиятини бойитиб, бутун инсониятнинг умумий қадриятига айланди. Қозоқ-туркман халқларининг илдизи бир, тарихи муштарак. Дўстлигимиз кўп асрлик анъанага эга. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ана шу мустаҳкам қадриятлар асосида фаол ривожланмоқда. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, қозоқ-туркман муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, - деди Президент.
Шунингдек, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиан, Покистон Президенти Осиф Али Зардорий, Россия Президенти Владимир Путин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Арманистон Президенти Ваагн Хачатурян, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Туркия Миллий Мажлиси раиси Нўъмон Куртулмуш сўзга чиқди.