Президент Соғлиқни сақлаш вазирига мажбурий тиббий суғурта тизимини янада самаралироқ қилишни топширди
ASTANА. Кazinform – ҚР Президенти Соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Алназаровани қабул қилди, деб хабар беради Ақорда.

Давлат раҳбарига соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги ҳолати ва истиқболдаги вазифалари ҳақида маълумот берилди.
Ақмарал Алназарова ўтган йили мамлакатда ўртача умр кўриш 75,4 ёшга етганини таъкидлади. Бу жаҳон ўртача кўрсаткичидан юқори кўрсаткичдир. Жорий йилнинг биринчи ярмида умумий ўлим даражаси 3 фоизга камайди. Ўтган йили биринчи марта оналар ва болалар ўлимининг энг паст даражаси қайд этилди.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами самарадорлигини ошириш, “Арзон клиника” концепциясини ҳаётга татбиқ этиш, аҳолини скрининг текширувидан ўтказишга кўмаклашиш юзасидан маълумотлар берилди.
Шунингдек, дори воситалари билан тўлиқ таъминлаш, уларнинг муомаласи устидан назоратни кучайтириш чоралари кўрилмоқда.
2024 йилга нисбатан республикада шифокорлар етишмаслиги 19 фоизга, қишлоқларда 16 фоизга, ўрта бўғин тиббиёт ходимлари етишмаслиги 7 фоизга камайди.
Вазир тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш чоралари ҳақида ҳам маълумот берди. Бу борада қонунчиликни қатъийлаштириш, шифокорларга ҳужум содир бўлган тақдирда тез ёрдам кўрсатишга эътибор қаратилмоқда.
Вазирлик маълумотларига кўра, келгуси йилдан бошлаб аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан 1 миллион нафар фуқаро тиббий суғурта билан қамраб олинади.
Давлат раҳбари томонидан “Қишлоқ соғлиғини сақлаш тизимини модернизация қилиш” миллий лойиҳаси доирасида аҳоли пунктларида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари қурилишини йил охиригача якунлаш, мажбурий тиббий суғурта тизимини янада самаралироқ қилиш, энг муҳим дори воситаларини мамлакатда ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгиланди.
Шунингдек, фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий ёрдам сифати ва улардан фойдаланиш имкониятини ошириш борасидаги ишларни давом эттириш бўйича топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Япония Ташқи ишлар вазирини қабул қилган эди.