Президент Саудия Арабистони Подшоҳлиги элчисини қабул қилди

ASTANА. Каzinform – Давлат раҳбари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Қозоғистон Республикасидаги элчиси Файсал ал-Қаҳтонийни қабул қилди.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Саудия Арабистони билан ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга катта аҳамият беришини таъкидлади.

Қасим-Жомарт Тоқаев Саудия Арабистони Валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг икки мамлакатнинг кўп қиррали интеграциясини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссасини таъкидлади.

– Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон чиндан ҳам глобал миқёсда кучли ва обрўли етакчи. Унинг ўз ватанини ривожлантиришга қаратилган узоқни кўра биладиган ва илғор стратегияси, шунингдек, халқаро барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашдаги роли энг юқори мақтов ва ҳурматга лойиқдир, — деди Қозоғистон Президенти.

Қасим-Жомарт Тоқаев Муҳаммад бин Салмонни Қозоғистонга давлат ташрифи билан таклиф қилишини тасдиқлади.

Файсал ал-Қаҳтоний ўз мамлакатининг Қозоғистон Республикаси билан стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришга тайёрлигини билдирди.

У яқинда имзоланган Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим, шунингдек, икки мамлакат ўртасида Мувофиқлаштириш кенгашининг ташкил этилиши самарали алоқаларни қайта тиклашга йўл очишини таъкидлади.

Бундан ташқари, дипломат Саудия Арабистони раҳбариятига Яқин Шарқдаги мураккаб вазият муносабати билан Қозоғистон Президенти томонидан кўрсатилган ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун самимий миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у Қозоғистоннинг муқаддас Туркистон шаҳрида тинчлик музокараларини ўтказиш ташаббусининг долзарблигини таъкидлади.

Қасим-Жомарт Тоқаев минтақанинг барқарорлиги, хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга кўмаклашишда давом этишга тайёрлигини, шунингдек, Саудия Арабистони ва Форс кўрфазидаги барча мамлакатларга энг эзгу тилакларини билдирди.

Учрашув якунида Президент Икки муқаддас масжид қўриқчиси, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва валиаҳд шаҳзода, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Саудга энг самимий саломлари ва энг эзгу тилакларини йўллади ҳамда дўст Саудия Арабистони халқига фаровонлик тилади.

Сўнгги хабарлар