Президент: Озарбайжон — Қозоғистон учун ўзига хос эл, қардош давлат
ASTANА. Кazinform — Қасим-Жомарт Тоқаев ва Илҳом Алиев раислигида Қозоғистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси Олий давлатлараро кенгашининг иккинчи сессияси бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибида транспорт, логистика, рақамлаштириш, ёқилғи-энергетика комплекси ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Давлат раҳбари бундай формат Қозоғистон-Озарбайжон муносабатларининг ўзига хос хусусиятидан далолат беришини таъкидлади. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.

— Кенгаш икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича қўшма қарорлар қабул қилиш учун самарали платформага айланди. Озарбайжон — Қозоғистон учун ўзига хос эл, қардош давлат. Бизни тарихий илдизлар, бой маънавий-маданий мерос бирлаштириб туради, менталитетимиз, тамойилларимиз ўхшаш. Кўп қиррали ҳамкорлигимиз ана шу мустаҳкам қадриятлар асосида ривожланмоқда. Илҳом Гейдар оглу, Қозоғистонга давлат ташрифингизнинг аҳамияти катта. Сизнинг ташрифингиз икки давлат ўртасида Стратегик шериклик ва иттифоқчилик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 20 йиллигига тўғри келмоқда. Бу рамзий маънога эга. Ўтган йиллар давомида фаол сиёсий мулоқот ўрнатдик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни узлуксиз ривожлантириш учун мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асос яратдик. Бу кенг қамровли ва изчил иш ҳар икки давлат фуқаролари томонидан қўллаб-қувватланмоқда, — деди Қозоғистон Президенти.
Давлат раҳбари Қозоғистон-Озарбайжон муносабатларини юксак даражага кўтаришга биринчи навбатда Президент Илҳом Алиев қўшган салмоқли ҳиссага эътибор қаратди.
— Мен Сизнинг доимий қўллаб-қувватлаганингизни жуда қадрлайман. Бугунги Озарбайжон эришаётган салмоқли ютуқлар сизнинг кучли раҳбарлигингиз билан бевосита боғлиқ. Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш тўғрисидаги декларациянинг катта тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидламоқчиман. Сиз сиёсий ирода ва стратегик узоқни кўзлаб, мураккаб муаммоларни ҳал этиш, келажак авлодлар тақдири учун масъулиятни ўз зиммангизга олишнинг оқилона йўлини кўрсатдингиз. Икки давлат ўртасида эришилган келишув минтақа ва ундан ташқарида ҳамкорлик уфқларини кенгайтириб, янги даврни очганига шубҳа йўқ. Биз қардош Озарбайжон эришаётган ютуқлардан чин дилдан қувонамиз ва унинг кучли ва тараққийпарвар давлат қуришдек юксак ғояларини рўёбга чиқаришини тилаймиз. Қозоғистон-Озарбайжон муносабатларининг салоҳияти жуда катта. Уни тўлиқ амалга ошириш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Унга мустаҳкам сиёсий ишонч, муштарак қадриятлар, энг муҳими, халқларимизни бир-бирига яқинлаштиришга самимий интилиш бор, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Шунингдек, Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев нутқ сўзлади.
– Кўтарилган масалалар бўйича қарашларимиз, шунингдек, иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий ниятимиз тўлиқ мос эканидан мамнунман, – деди у.