Президент Мурожаатномаси ижроси: инновацион IT инфратузилмасини ривожлантириш ва хусусий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш

ноутбук
Фото: pixabay.com

ASTANA. Kazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқига Мурожаатномасида инновацион инфратузилмани ривожлантириш барқарор иқтисодий ўсиш ва мамлакатнинг глобал рақобатбардошлигини таъминлашнинг энг муҳим омили эканлигини таъкидлади. Бу ҳақда Kazinform агентлиги Қозоғистон Ҳукумати матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Президент Қозоғистонни 2026 йилгача 1 миллиард долларгача бўлган IT-хизматлари экспорти бўйича жаҳон миқёсидаги IT етакчисига айлантириш вазифасини қўйди.

– Инновацион инфратузилма – бизнес-инкубаторлар, тижоратлаштириш марказлари, технопарклар ва консртуктор бюроларини яратиш бўйича декларатив эмас, балки хусусий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича самарали чора-тадбирлар зарур. Муваффақиятли хорижий тажрибадан фойдаланиш керак, – деди Давлати раҳбари Мурожаатномасида.

Инновацион инфратузилмани яратиш ва хусусий IT -компаниялар ва стартапларни фаол қўллаб-қувватлаш давлатнинг устувор вазифаларига айланди. Шу нуқтаи назардан, Қозоғистонда IT-соҳасида хусусий ташаббусларни рағбатлантириш, технологик тадбиркорлик ва халқаро ҳамкорлик учун янги истиқболларни очиш бўйича давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари фаол ривожланмоқда.

Ҳукумат таъкидлаганидек, Қозоғистон аллақачон рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва инновацион экотизим яратишда маълум муваффақиятларга эришди. 5G тармоқларининг ривожланиши, «Astana Hub» ташаббусининг ишга туширилиши ва халқаро инвестицияларнинг жалб этилиши IT-соҳасининг жадал ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратади. Бугунги кунда Astana Hub Марказий Осиёда етакчиликка даъвогар бўлган энг муҳим рақамли марказ бўлиб, йиллик IT-хизматлар ва маҳсулотлар экспорти 500 миллион долларга этади.

IT-соҳасида инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган «Tech Orda» дастури Astana Hub негизида 2021 йилдан бери амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар «Tech Orda» дастури IT мактаблари учун 6 мингдан ортиқ таълим грантларини тақдим этди.

2024 йилда Қозоғистон фуқаролари учун IT -мутахассисликлари бўйича ўқитиш учун яна 3 минг йўлланма ажратилиши режалаштирилган. Ушбу чора-тадбирлар йирик корпорацияларда ҳам, кичик ва ўрта бизнес соҳасида ҳам талаб юқори бўлган юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Президент томонидан 2026 йилгача IT -хизматлар экспортини 1 миллиард долларга етказиш бўйича қўйилган мақсадга эришиш учун Қозоғистон рақамли дипломатия ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантиришни режалаштирмоқда. Ҳозирданоқ Қозоғистон ўзининг GovTech ечимларини Тожикистон, Того ва Серра-Леонега экспорт қилмоқда ва бу жаҳон IT-бозорида муҳим ўйинчи бўлиш истагини тасдиқлайди. Мамлакатнинг ахборот технологиялари экспорти қарийб икки баравар ошиб, 2023 йилда 529,1 миллион долларга етди.

Рақамли ривожланиш вазирлиги томонидан тақдим этилган тегишли бошқарма мамлакатда ҳам, хорижда ҳам инновацион хабларнинг ваколатхоналарини очишга фаол кўмаклашмоқда, бу эса маҳаллий компанияларга халқаро инвесторлар ва ҳамкорларни жалб қилмоқда. Республикада аллақачон мамлакатнинг турли ҳудудларида 15 та IT -хаб мавжуд ва яқинда Калифорния, Ар-Риёд ва Сингапурда инновацион марказларнинг очилиши Қозоғистоннинг халқаро майдондаги мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлайди.

Қозоғистон Республикаси Ҳукумати матбуот хизматида таъкидланганидек, Давлат раҳбари томонидан қўйилган вазифаларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар Тожикистонда технопарк очиш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва рақамли экотизимларни ривожлантириш бўлади.

Сўнгги хабарлар
telegram