Президент Мурожаатномаси ижроси: Ҳукумат тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кўриб чиқди
ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбарининг Қозоғистон халқига “Адолатли Қозоғистоннинг иқтисодий йўналиши” номли Мурожаатномасида қўйилган вазифани бажариш мақсадида Ҳукумат томонидан “Бизнеснинг йўл харитаси” ва “Оддий нарсалар иқтисодиёти” дастурларини ўзида мужассам этган Кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг бугунги кун тартиби ҳамда кучли, рақобатбардош корхоналар ташкил этиш заруриятини инобатга олган ҳолда, янги дастур доирасида самарали лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, янги лойиҳаларни субсидиялаш учун бюджет маблағларини тақсимлаш асосан ишлаб чиқариш саноати корхоналари ўртасида (50 фоизга яқин) амалга оширилади.
Шунингдек, бюджет юкини камайтириш мақсадида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги лойиҳаларни субсидиялаш муддати 5 йилдан 3 йилгача қисқартирилди. Кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини субсидиялашнинг табақалаштирилган усули тақдим этилади, бу бозор шароитларига босқичма-босқич ўтишни назарда тутади. Баъзи субсидияланган хизмат кўрсатиш соҳалари оптималлаштирилди.
Кредитларни кафолатлаш кенгайтирилди, хусусан, кафолатлар миқдори оширилди, тадбиркорлик субъектларига 1 миллиард тенгедан ортиқ кредит суммаси учун бозор шароитида кафиллик олиш имконияти яратилди.
Бундан ташқари, дастурда давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг муқобил воситаси сифатида синдикатлаштирилган кредитлаш кўзда тутилган бўлиб, у бир вақтнинг ўзида бир нечта банклар орқали 15 миллиард тенгегача бўлган йирик лойиҳаларни молиялаштиришни назарда тутади.
Шунингдек, облигациялар ссудаларини чиқариш шартлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Масалан, тадбиркор-эмитент облигация чиқаришда купон фоиз ставкаси бўйича субсидия олиши ва 5 йил муддатга 6 фоиз ставкада 5 миллиард тенгегача бўлган молиялаштиришни жалб этиши мумкин.
Жорий йилнинг 6 ойида янгиланган дастур доирасида субсидиялар ва кафолатлар кўринишидаги қўллаб-қувватлаш чоралари билан Қозоғистонда 14 мингга яқин бизнес-лойиҳа қамраб олинди: субсидиялар бўйича - 566 млрд. миллиард тенгега 8624 та лойиҳа, кафолатлар бўйича - 178,9 млрд тенгега 5381 та лойиҳа.
Яқин келажакда ишлаб чиқаришнинг технологик мураккаблигига қараб давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган механизмларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Юқори технологияли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари узоқ муддатли имтиёзли кредитларни ўз ичига олади.
Бу механизмлар тадбиркорликни мақсадли ва самарали қўллаб-қувватлаш имконини беради, бу эса, ўз навбатида, барқарор иқтисодий ўсиш ва мамлакат рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.