Президент қозоғистонликларни Судьялар ва суд ходимлари куни билан табриклади

ASTANА. Kazinform — Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Судьялар ва суд ходимлари куни билан табриклади, дея хабар бермоқда Ақорда матбуот хизмати.

Тоқаев
Фото: Ақорда

- Ҳурматли судьялар ва суд ходимлари!

Жорий йил — одил судловни амалга оширишга масъул фуқаролар учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган йил. Бунинг сабаби шундаки, бундан 30 йил аввал мамлакат суверенитети, инсонлар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам таянчи бўлмиш Қозоғистон Конституцияси қабул қилинганди, — деди Президент.

Давлат раҳбари, шунингдек, кучли ва мустақил суд ҳокимияти қонун устуворлигини таъминлаш, “Қонун ва интизом” тамойилини қарор топтиришда ҳал қилувчи рол ўйнашини таъкидлади.

Шу боис стратегик муҳим соҳада ислоҳотларни тизимли равишда амалга оширмоқдамиз. Суд жараёнлари такомиллаштирилиб, бошқарув жараёнлари оптималлаштирилиб, бу соҳага рақамли технологиялар жорий этилмоқда. 1 июлдан жиноят, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича учта мустақил кассация судлари иш бошлайди. Бу қадам фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича институционал салоҳиятини сезиларли даражада мустаҳкамлайди.

Аҳолининг одил судловга бўлган ишончи кўп жиҳатдан судьяларнинг касбий малакасига, уларнинг ўз позициясида қатъий қолиши ва ҳар қандай ишни кўриб чиқишда холис бўла олишига боғлиқ. Бу муҳим ва масъулиятли вазифа чуқур ҳуқуқий билим ва ҳар нарсадан аввало қонун устуворлигига доимий интилишни талаб қилади.

– Суд ходимлари ва фахрийларга меҳнатлари, касбига фидойиликлари учун самимий миннатдорчилик билдираман. Ишонаманки, сизлар бундан кейин ҳам “Адолатли Қозоғистон”ни барпо этишга беқиёс ҳисса қўшасиз! Барчангизга сиҳат-саломатлик, фаровонлик ва улкан муваффақиятлар тилайман! - деди Президент.

Сўнгги хабарлар