Президент Қизилўрдада қурилаётган ИЭМни ўз вақтида фойдаланишга топшириш бўйича топшириқ берди

Президент
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевга Қизилўрда шаҳрининг янги иссиқлик электр маркази лойиҳаси тақдим этилди. Бу ҳақда Каzinform агентлиги Ақордага таяниб хабар беради.

Маълумотларга кўра, ўтган йили Энергетика вазирлиги Туркиянинг «Aksa Enerji Uretim AS» компанияси билан Қизилўрда шаҳрида янги буғ-газ қурилмасини ўрнатиш бўйича шартнома имзолаган. Хорижий сармоя ҳисобига қурилаётган янги ИЭМ соатига 240 МВт электр ва 277 иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Лойиҳанинг тахминий қиймати 215 миллиард тенге.

Вилоят ҳокими Нурлан Налибаевнинг сўзларига кўра, айни пайтда қурилиш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда. 2025 йил охиригача фойдаланишга топшириладиган ИЭМ шаҳарнинг иссиқлик ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлаш билан бирга, ортиқча электр энергиясини бошқа ҳудудларга сотишга ҳам имкон беради.

Ҳозирги иссиқлик электр маркази 1964 йилда қурилган. Бир неча бор капитал таъмирланганига қарамай, стратегик объектнинг асосий ва ёрдамчи иншоотларининг эскириш даражаси 90 фоизга етди. Шунингдек, шаҳардаги 207,7 километр узунликдаги иссиқлик тармоқларининг деярли ярми янгиланиши керак.

Давлат раҳбари мазкур лойиҳа мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим эканини таъкидлади.

Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳукумат ва вилоят ҳокимлигига иссиқлик электр марказини белгиланган муддатда фойдаланишга топшириш бўйича топшириқ берди.

Эслатиб ўтамиз, бугун эрталаб Давлат раҳбари Қизилўрда вилоятига амалий ташриф билан борган эди.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг вилоятга ташрифи Сирдарё туманидаги Нағи Илиясов қишлоғи ҳаёти билан танишишдан бошланди.

Президент ўтган йили барпо этилган “Меҳнат хиёбони”да меҳнаткашлар билан учрашди.

“Қизилўрда – Жезқазған” автомобиль йўли қурилишининг бориши ҳақида ҳам маълумот берилди.

Сўнгги хабарлар
telegram