Президент Қасим-Жомарт Тоқаев БМТ саммитида нутқ сўзлади
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти бўйича махсус дастури (СПЕКА) иштирокчиси давлат раҳбарларининг биринчи саммитида нутқ сўзлади, дея хабар беради Кazinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.
Давлат раҳбари, аввало, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга саммитни юқори савияда ташкил этгани учун миннатдорлик билдириб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва мажлисда иштирок этаётган фахрий меҳмонларга ўз ҳурматини билдирди.
- 1997 йилда Қозоғистон БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастурини яратиш ташаббуси билан чиқди. Ушбу дастур минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш, жаҳон иқтисодий жараёнларига қўшилиш нуқтаи назаридан самарали платформага айланганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бугунги учрашув махсус дастурнинг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётгани катта рамзий аҳамиятга эга. Ўтган йили Қозоғистон раислиги доирасида Дастурнинг асосий йўналишлари бўйича ҳамкорликни мустаҳкамладик ва уни амалга ошириш бўйича муҳим чора-тадбирларни амалга оширдик, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президентнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Озарбайжон Республикасининг СПЕКА ривожига, шунингдек, Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини юқори баҳолайди.
СПЕКАда иштирок этувчи давлат раҳбарларининг бугунги тарихий ва биринчи саммити амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг якуни бўлади.
– Бугунги учрашув натижасида очиқлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган кўп томонлама ҳамкорлигимиз уфқлари кенгайишига ишонаман. Геосиёсий тарқоқлик авж олган, жаҳон иқтисодиёти ўзгариб бораётган ҳозирги шароитда Махсус дастурнинг аҳамияти янада ортади. Умумий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда СПЕКАни янада ривожлантириш бўйича ўз нуқтаи назаримни билдиришга ижозат бергайсиз. Барқарор ривожланиш тамойиллари давлатларимиз миллий стратегия ва дастурларининг ўзагига айланди. Бугунги кунда Қозоғистонда давлат бюджетининг 80 фоизи барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқлаштирилган. Ҳукуматимизнинг асосий вазифаси сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш хизмати ҳамма учун очиқ бўлишини таъминлашдан иборат. Яқинда кучга кирган янги Ижтимоий кодексида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мансуб фуқароларни ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилди, - деди Президент.