Президент: Иккинчи, учинчи АЭС қуришни режалаштириш ҳозирдан бошланиши керак
ASTANA. Kazinform — Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда иккинчи, ҳатто учинчи атом электр станцияси қурилиши ҳозирдан бошланиши кераклигини маълум қилди.

“Айни пайтда энергия манбаларимизни комплекс модернизация қилмоқдамиз. Хорижий инвесторлар иштирокида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, яқин беш йил ичида қуввати 6,3 гигаватт бўлган “яшил” энергетика объектларини ишга тушириш режалаштирилган. Бу қадам мамлакатда яшил энергия улушини сезиларли даражада оширади. Бироқ Қозоғистоннинг пировард мақсади - энергия манбаларини ўзгартириш эмас. Бу, энг аввало, мамлакат энергетика тизимининг реал салоҳияти ва давлатимизнинг узоқ муддатли манфаатларига асосланган барқарор ривожланиш йўлидир”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқига Мурожаатномасида.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, атом энергетикасини ривожлантиришга қаратаётган эътиборимиз алоҳида аҳамиятга эга.
“Бир ой олдин Алмати вилоятида Қозоғистондаги биринчи атом электр станцияси лойиҳаси “Росатом” билан ҳамкорликда бошланган эди. Бироқ бу барқарор иқтисодий ривожланиш учун етарли эмас. Биз ҳозирданоқ иккинчи, ҳатто учинчи атом электр станциясини қуришни режалаштиришни бошлашимиз керак. Яқинда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан бўлиб ўтган учрашувда биз мамлакатларимиз ўртасида ядровий соҳада стратегик шериклик бўйича келишувга эришдик”, - дея аниқлик киритди Президент.
Аввалроқ Қасим-Жомарт Тоқаев юқори технологияларга 1 миллиард доллар сармоя жалб этиш дастурини ишлаб чиқиш зарурлигини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, Мурожаатноманинг онлайн трансляцияси Jibek Joly эфирида, шунингдек, телеканалнинг YouTubeдаги канали ва Kazinform агентлиги сайтида амалга оширилади. Kazinform сайти ва Теlegram-канали ёзма трансляцияни тақдим этади.