Президент бугун Қозоғистон халқига анъанавий Мурожаатномасини эълон қилади
ASTANA. Кazinform – Бугун Парламент палаталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтади, унда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқига навбатдаги Мурожаатномасини эълон қилади.

Бу — Президентнинг 8-Мурожаатномаси. Давлат раҳбари ҳар йили сентябрь ойида, Парламентнинг янги сессиясининг очилиш маросимида халққа Мурожаатномаларини йўллайди. Январь воқеалари бўлган 2022 йилда Қасим-Жомарт Кемелули халққа 2 та Мурожаатнома йўллади. Улардан биринчиси март ойида, иккинчиси сентябрь ойида эълон қилинди.
Бу икки Мурожаатноманинг биринчиси мамлакатда янги сиёсий ислоҳотларга йўл очди. Хусусан, Президентнинг ортиқча ваколатларини қисқартириш, Парламент ролини ошириш, Президентнинг Сенатдаги квотасини 15 депутатдан 10 нафарга камайтириш, Қозоғистон халқи Ассамблеясининг Мажилисдаги квотасига чек қўйиш, Сенатга фақат Мажилис томонидан қабул қилинган қонунларни маъқуллаш ёки маъқулламаслик ҳуқуқини бериш, Мажилиснинг депутатлик корпусининг 70 фоизи пропорционал ва 30 фоизи мажоритар усулида сайлаш, ҳар бир ҳудудда Парламентнинг қуйи палатасига камида битта депутатни мажоритар тизимда сайлаш, партияларни рўйхатга олиш тартибини сезиларли даражада соддалаштириш таклиф этилди ва кейинчалик амалга оширилди.

Семей ҳудудида Абай вилояти ташкил топди ва Семей шаҳри янги вилоятнинг марказига айланди. Собиқ Жезқазған вилояти ҳудудида Улитау вилояти ташкил топди ва Жезқазған шаҳри яна вилоят марказига айланди. Алмати вилояти иккига бўлиниб, ҳудудда Жетису ва Алмати вилоятлари ташкил топди. Алмати вилоятининг маркази Қапшағай, Жетису вилоятининг маркази эса Талдиқорған шаҳри бўлди.
Шунингдек, ушбу Мурожаатномада ўзини ўзи бошқариш тизимини марказсизлаштириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат харидлари тартибини соддалаштириш, бюрократия ва расмиятчиликка барҳам бериш, инқирозга қарши шошилинч чоралар кўриш, давлат аппаратини хизматини бюрократиядан чиқариш, таркибий ўзгаришларнинг янги комплексини ишлаб чиқиш, иқтисодиёт ва давлат бошқарувининг замонавий стратегиясини ҳисобга олган ҳолда давлат бошқаруви тизимини ривожлантириш каби ташаббуслар илгари сурилди.
Давлат раҳбарининг сўнгги Мурожаатномаси “Адолатли Қозоғистон: қонун ва интизом, иқтисодий ўсиш, жамоатчилик оптимизми” деб номланган. Унда пул-кредит сиёсати ва солиқ-бюджет сиёсати ўртасидаги номувофиқликни бартараф этиш, инвестиция муҳити ва бизнес юритиш учун зарур шарт-шароитларни яхшилаш бўйича доимий иш олиб бориш, мамлакат саноат салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, инфратузилмани ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал этиш, кадрлар салоҳиятини босқичма-босқич ошириш, миллат саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини модернизация қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви самарадорлигини максимал даражада ошириш, жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот мафкурасини чуқур қарор топтириш масалалари кўтарилди. Мурожаатномада кўтарилган барча масалалар Ҳукумат томонидан амалга оширилмоқда. Масалан, ижтимоий соҳада давлат ўз мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариб, ҳар йили 4,5 миллионга яқин аҳолини тўловлар билан қамраб олади. Жорий йилнинг 7 ойида режалаштирилган 6 триллион тенгенинг 3,4 триллион тенгеси тўланган. Жумладан:
- 2,5 миллион пенсионернинг пенсиялари 2,5 трлн тенге
- 542 минг фуқарога ногиронлик бўйича нафақа ва 195 минг оилага боқувчисини йўқотганлик учун умумий қиймати 382 млрд тенге миыдорида тўловлар
- 613 мингдан ортиқ кўп болали оилалар ва 243 минг нафар мукофотланган оналарга 354,5 млрд тенге тўловлар
- 200 мингдан ортиқ оилага бола туғилиши ва парвариши учун 61,8 млрд тенге миқдорида тўловлар
- 102 миллиард тенге миқдоридаги бошқа тўловлар.

Давлат раҳбари томонидан қўйилган асосий вазифа – қудратли ва кўп тармоқли иқтисодиёт яратиш. 2025 йилнинг 7 ойи якунлари миллий тараққиётнинг локомотиви ҳисобланган саноат соҳасида ижобий суръатни кўрсатди. Саноат ишлаб чиқариш ҳажми 6,9 фоизга барқарор ўсишни кўрсатди. Бу ерда ўсиш омиллари ҳажми 8,5 фоизга ошган тоғ-кон саноати ва диверсификация учун муҳим бўлган қайта ишлаш соҳаси бўлиб, 6,1 фоизга ўсди.
Чорвачилик мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи стратегик муҳим тармоқ ҳисобланади. Шу боис мазкур соҳани ривожлантиришга қаратилган янги механизмлар жорий этилмоқда. Агросаноат мажмуаси ялпи маҳсулотининг қарийб 40 фоизи чорвачилик ҳиссасига тўғри келади. 2025 йилнинг январ-июль ойларида ишлаб чиқариш ҳажми 3,4 фоизга ошиб, қарийб 2 триллион тенгега етди. Гўшт ишлаб чиқариш 2 фоизга ошиб, 608,8 минг тоннани, сут ишлаб чиқариш эса 6,5 фоизга ошиб, 2,25 миллион тоннани ташкил этди.
Чорвачилик ва паррандалар сони ҳам барқарор ўсиб бормоқда: қорамол – 8,7 миллион бош (+0,3 фоиз), отлар – 4,6 миллион бош (+6,7 фоиз), туялар – 300 минг бош (+3,9 фоиз), паррандалар – 48 миллион бош(+6,6 фоиз). Бироқ қўйлар сони 3,7 фоизга камайиб, 21,1 миллион бошга етди.
Экспорт йўналишида ҳам ижобий натижалар мавжуд. 2025 йилнинг дастлабки беш ойида мол гўшти экспорти 2,5 баробар ошиб, 12,3 минг тоннани ташкил этди. Қўй гўшти экспорти 2,6 баробар ошиб, 9,2 минг тоннага етди. Биринчи марта 797 тонна чўчқа гўшти ташқи бозорга чиқарилди. Бу кўрсаткичлар Қозоғистон маҳсулотлари халқаро миқёсда талабга эга эканлигини исботлайди.

Ҳукумат инвесторлар учун саноат ўсишини рағбатлантириш мақсадида қулай шарт-шароитлар яратмоқда. Йирик корхоналар билан тузилган узоқ муддатли шартномалар ва офтейк-шартномалар ҳажми 2 баробарга ошиб, 147 миллиард тенгедан ошди. 16 та махсус иқтисодий ва 55 та саноат зонаси шаклидаги инфратузилма жадал ривожланмоқда.
Махсус иқтисодий ва саноат зоналари янги ишлаб чиқаришни амалга оширишнинг асосий воситаларидан бири ҳисобланади. Ҳудудлар зарур инфратузилма билан таъминланган ва лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган. Ишлаб чиқариш саноатидаги янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кичик саноат зоналарини ташкил этиш воситаси ишга туширилди, уларда тайёр саноат майдончалари имтиёзли нархларда ижарага берилади. Бундай зоналар 8 та ҳудудда барпо этилиб, 90 га яқин лойиҳани ишга тушириш, 3 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган.
IТ саноати барқарор ривожланмоқда. Мамлакатда IТ-компаниялар сони сўнгги уч йилда 16 фоизга ўсган ҳолда 18 мингдан ошди. 1700 дан ортиқ иштирокчини бирлаштирган Astana Hub халқаро технопаркининг ривожланиши муҳим омил бўлди. Резидентларнинг умумий даромади 1,2 триллион тенгега етди, экспорт тушуми эса 140 миллиард тенгедан ошди. Минтақавий IТ хаблар инновацион экотизимнинг асосий элементига айланди. Улардан 19 таси Қозоғистонда аллақачон мавжуд. Бундан ташқари, Саудия Арабистони, АҚШ, Буюк Британия, Дубай ва Хитойда хорижий платформалар очилган.
Мамлакатнинг рақамли ривожланишининг яна бир устувор йўналиши крипто саноатидир. Қозоғистон сrypto-friendly тартибга асосланган очиқ ва инвестиция учун қулай экотизимни шакллантиришни бошлади.
Давом этилаётган ташаббуслар қаторида «Cryptocity» пилот зонаси, крипто-захира лойиҳаси, рақамли активларда трансчегаравий ҳисоб-китоблар, шунингдек, тоғ-кон инвесторларини жалб қилувчи 70/30 улуш билан энергия қувватларини модернизация қилиш дастури бор. Ушбу чора-тадбирлар барқарор ўсиш ва технологик ривожланишга қаратилган очиқ экотизимни шакллантиради.
Эслатиб ўтамиз, Мурожаатноманинг онлайн трансляцияси Jibek Joly эфирида, шунингдек, телеканалнинг YouTubeдаги канали ва Kazinform агентлиги сайтида амалга оширилади. Kazinform сайти ва Теlegram-канали ёзма трансляцияни тақдим этади.