Президент: Банклар тўғрисида қонун қабул қилиш муҳим қадам бўлади

ASTANА. Кazinform — Банклар реал секторга фаол сармоя киритишлари керак. Бу ҳақда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқига Мурожаатномасида маълум қилди.

Тоқаев
Фото: Ақорда

— Иккинчи даражали банклар реал секторга фаол сармоя киритишлари керак. Бу масала узоқ вақтдан бери жамиятда қизғин муҳокама қилинмоқда. Бу ишни кечиктирмасдан бошлаш даркор. Қозоғистондаги банкларнинг активлари ва маблағлари ривожланган мамлакатларга қараганда ўртача бир неча баробар кўп фойда келтиради. Чунки банкларимиз иқтисодиётни кредитлашдан кўра молиявий таваккалчилик даражаси паст бўлган соҳаларга сармоя киритишни афзал кўради. Бу масала депутатлар ва экспертлар томонидан доимий равишда кўтарилади, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президентнинг фикрича, Миллий банк ва Ҳукумат имкон қадар банк пулларини иқтисодиётга жалб этишнинг самарали усулларини излаши керак. Бу масалани энди кечиктириб бўлмайди, уни зудлик билан ҳал қилиш зарур.

— Банклар тўғрисида қонун қабул қилиш бу борада муҳим қадам бўлади. Ушбу қонун иқтисодиётнинг эҳтиёжлари ва технологик ўзгаришларни ҳисобга олиши керак. Ҳужжат рақобатни кучайтириш, бозорнинг янги иштирокчиларини жалб қилиш, молия тизимида технологияларни илгари суриш, рақамли активлар муомаласини либераллаштириш масалаларини ҳал қилиши зарур. Ҳукумат Молия бозорини тартибга солиш агентлиги билан биргаликда қонун лойиҳасини комплекс ишлаб чиқиши лозим. Депутатлардан ушбу қонунни йил охиригача қабул қилишни сўрайман, — деди Давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Президент "Қозоғистон сунъий интеллект даврида: долзарб муаммолар ва уларни рақамли трансформация орқали ҳал қилиш" номли Мурожаатномасида Қозоғистонда сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ташкил этилиши ҳақида айтган эди.

Сўнгги хабарлар