Президент Алмати шаҳри ҳокимини қабул қилди

АSTANA. Kazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Алмати шаҳри ҳокимини қабул қилди, деб хабар беради Ақорда.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Давлат раҳбарига шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, шунингдек, асосий шаҳар қурилиши ва инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳақида ахборот берилди.

Дархан Сатибалди ўтган йили қисқа муддатли иқтисодий индикатор 12,8 фоизга ошганини айтди.

Давлат бюджетига 6,6 триллион тенге солиқ ва мажбурий тўловлар тушган.

Шу билан бирга, шаҳарнинг бир неча марказини ривожлантиришга қаратилган янги стратегик ташаббуслар тақдим этилди. Ушбу концепция доирасида замонавий IT-инфратузилма, кўп функцияли бизнес мажмуалари, шунингдек, аҳоли дам олиши учун ободонлаштирилган рекреация ҳудудлари яратилади. Яъни бу жамоатчилик кўп ташриф буюрадиган жойларга айланади.

Алмати шаҳрининг замонавий транспорт тизимини шакллантириш тўғрисида маълумот берилди.

Тезкор жамоат транспорти тизимларини ривожлантириш аҳолининг ҳаракатланишига қулай шароит яратиб, шаҳарни барқарор ривожлантиришнинг асосий омили бўлади.

Алматининг Бош режасида ҳавонинг эркин айланишини таъминлаш, шаҳарнинг юқори ва марказий қисмларидаги ҳаддан ташқари зич қурилишни чеклаш, шунингдек, яшил майдонларни уч баробарга – 3 800 гектаргача оширишни кўзда тутувчи қарорлар қабул қилинганини етказди.

2025 йилда шаҳар кўчалари сифатли ёритилиб, қуввати икки баравар ошгани ҳақида ахборот берилди.

Бундан ташқари, шаҳарни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, жамоат жойларини безатишнинг ягона стандартига мувофиқ боғлар ва кўчаларни янгилаш чора-тадбирлари режалаштирилган.

Алмати тоғ кластери лойиҳасини тайёрлаш бўйича ҳисобот берилди. Ҳозирги вақтда «Медеу» базавий станцияси орқали «Шимбулақ» ва «Ой-Қарағай» курортларини бирлаштиришни кўзда тутувчи техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш ишлари якунланмоқда.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида осма йўллар сони 16 дан 62 тагача кўпаяди, тоғ чанғи трассалари 250 километрдан ортиқ узаяди, дам олиш ҳудудлари кунига 40 минг кишини қабул қила оладиган даражага етади.

Давлат раҳбари Алмати шаҳри иқтисодиётини янада диверсификация қилиш, экологик ҳолатини яхшилаш, шаҳарнинг барқарор транспорт ва туристик инфратузилмасини шакллантириш, шунингдек, шаҳар муҳити сифати ва аҳолининг турмуш даражасини ошириш бўйича бир қатор топшириқлар берди.

Сўнгги хабарлар