Португалияда “Клаудия” бўрони тинмай турибди
ASTANA. Kazinform — “Клаудия” кучли бўрони Португалияни вайрон қилди, натижада уч киши ҳалок бўлди ва ўнлаб одамлар жароҳат олди, деб хабар берди Gismeteo Португалия ҳукуматига таяниб.
Айни пайтда, Буюк Британияда фавқулодда хизматлар Уэльс ва Англиядаги кучли сув тошқинлари сабабли аҳолини эвакуация қилмоқда, деб хабар берди Reuters.
Бир неча кун давомида Португалия ва қўшни Испаниянинг айрим ҳудудларида бўроннинг таъсири оқибатида ноқулай ҳаво шароити юзага келди. Шанба куни бўрон Буюк Британия ва Ирландия ҳудудига етиб борди.
Қутқарувчилар пайшанба куни Лиссабондан Тежу дарёсининг нариги томонидаги Фернау-Ферру қишлоғида сув босган уйда кекса эр-хотиннинг жасадларини топди. Тахминларга кўра, улар ухлаб ётганларида бир кечада сув тўсатдан кўтарилгач, уйларида қамалиб қолган.
Хабар қилинишича, шанба куни «Клаудия» бўрони жанубий қирғоқдаги Албуфейра курорт шаҳрида торнадо келтириб чиқарган. Интернетда жойлаштирилган видеоларда торнадо кемпингдаги автокамперларини вайрон қилгани акс этган. Вилоят фуқаро муҳофазаси агентлиги раҳбари Витор Ваза Пинтунинг айтишича, воқеа оқибатида 85 ёшли британиялик сайёҳ ҳалок бўлган.
Шунингдек, қўшни меҳмонхонада 28 киши жабрланган, улардан икки нафари оғир жароҳатлар билан шифохонага етказилган.
Бўрондан келиб чиққан кучли ёмғир Уэльс жануби-шарқидаги Монмут шаҳри ва унинг атрофида кенг кўламли тошқинларга сабаб бўлди. Жанубий Уэльс ёнғин ва қутқарув хизмати маълумотларига кўра, ҳозирда қутқарув ишлари олиб бориляпти, аҳоли эвакуация қилиниб, уларнинг хавфсизлиги текшириляпти.
Уэльс ҳукумати вакилининг сўзларига кўра, “Клаудия” бўрони бир кечада бир қанча ҳудудларда сув тошқинига сабаб бўлган, уйлар, корхоналар, транспорт инфратузилмаси ва энергетика объектларига зарар етказган.
Ҳаводан олинган суратлар фалокатнинг кўламини кўрсатади: Монмут шаҳри маркази ва турар-жой ҳудудлари сув остида қолган, чунки сув яқин атрофдаги дарё қирғоқларидан тошиб кетган.