Португалияда COVID-19 инфекцияси юқтирганларнинг 90 фоизида "дельта" штамми аниқланмоқда
Португалия Миллий соғлиқни сақлаш институти маълумотларига кўра, Ҳиндистонда биринчи марта аниқланган вариант билан касалланиш олдинги ҳафтада 89,1% га етган. Илгари ушбу кўрсаткичлар тахминан 45,8 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, Португалияда янги коронавирус ҳолатлари сони ўсиб бормоқда ва кунига 2000 та ҳолатдан ошмоқда.
Португалия Соғлиқни сақлаш вазири Марта Темидо маҳаллий телевидениега берган суҳбатида, агар вазият ўзгармаса, бу кўрсаткич июл ўрталарида икки баравар кўпайиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Пандемиянинг яна бир тўлқинининг олдини олиш учун Португалия ҳукумати тунда энг кўп зарар кўрган 45 та муниципалитетга, жумладан пойтахт Лиссабонга ва мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Португа комендант соати жорий этишга қарор қилди.
Шу билан бирга, вазирнинг таъкидлашича, ҳукумат учун янги фавқулодда ҳолат эълон қилмасдан янги чекловларни тиклаш қийин бўлади, бунинг учун республика президенти Марселу Ребелу ди Соза кўмаги керак бўлади.
Бельгия юқумли касалликлар бўйича мутахассиси Эрика Влиге Белгия оммавий ахборот воситаларига берган суҳбатида, Португалияда «дельта» штаммининг кўпайиши, вазиятга Ҳиндистон, Бразилия ва Жанубий Африкадаги пандемия каби қараш кераклигини англатишини таъкидлади.
«Дельта» каби коронавируснинг хавфли вариантлари кўп тарқалган ва эпидемия кучайиб бораётган мамлакатлар рўйхати мавжуд. Унинг таркибига Ҳиндистон, Жанубий Африка ва Бразилия ҳамда Европадан ташқаридаги бошқа мамлакатлар киради. Аммо Португалия ҳам бу рўйхатга кирмоқда «, - дейди бельгиялик мутахассис.
Ушбу прогнозлар фонида Португалия миллий эмлаш кампаниясини жадаллаштиришга уринмоқда ва душанба куни янги рекордга эришди - бир кунда 141 минг дозани қўлланилди.
Португалия аҳолисининг учдан бир қисми аллақачон тўлиқ эмланганлигини ҳисобга олсак, 10 миллион аҳолиси бўлган Европа давлати эмлаш даражаси бўйича дунёда биринчи ўринларни эгаллади. Маҳаллий аҳолининг тахминан 1,49 фоизи ҳар куни коронавирусга қарши эмлаш дозаларини олади.
Муаллиф: Арнур Рахимбеков