Покистон Қозоғистон билан нефт ва газ соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор
Учрашувда Бош вазир ўринбосари жорий йилда мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлаётганини таъкидлади. Бу даврда яқин дўстлик ва иқтисодий алоқалар ўрнатилди. Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия тузилиб, иш олиб бормоқда.
Қозоғистон ва Покистоннинг Жанубий Осиёда жойлашиши стратегик географик нуқтаи назардан фойдалидир. Шу боис савдо ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш икки давлат учун истиқболли вазифадир.
«Савдо транзити бўйича шартнома тузиш ташаббуси биз учун алоҳида аҳамиятга эга, чунки транспорт соҳаси ўзаро савдодаги «заиф нуқта» ҳисобланади», - деди Серик Жуманғарин учрашув чоғида.
Ўз навбатида, Покистон бизнеси Қозоғистон билан нефт-газ, банк, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор.
«Бизнинг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжимиз йил сайин ортиб бормоқда. Покистон бозори жуда катта, мамлакат аҳолиси 200 миллиондан ошади. Бизда фойдали қазилмалар йўқ, лекин бизда фойдали транспорт ва темир йўл инфратузилмаси мавжуд«, - деди ПИР Федерал саноат ва ишлаб чиқариш вазири Сайед Муртаза Маҳмуд.
Бундан ташқари, Покистон томони Қозоғистонга Гвадар порти орқали денгиз ва Форс кўрфази мамлакатлари бозорларига чиқишни таклиф қилишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда томонлар энергетика соҳасида, хусусан, «Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон» (ТАПҲ) газ қувури қувватларидан фойдаланган ҳолда газ транзити соҳасида ҳамкорлик истиқболларини ҳам қайд этдилар.
Учрашув якунида иштирокчилар кўтарилган масалаларни декабр ойида Исломобод шаҳрида бўлиб ўтадиган ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 11-йиғилишида атрофлича муҳокама қилишга келишиб олдилар.
2021 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки баравардан ортиқ ўсиб, 95,1 миллион долларни ташкил этди. 2022 йилнинг 9 ойида Қозоғистон Республикаси ва Покистон ўртасидаги товар айланмаси 2021 йилга нисбатан 17,9 фоизга ошиб, 57,0 миллион долларни ташкил этди.
Фото: primeminister.kz