Петропавллик фаол 200дан ортиқ дайди итларни асраб олди
Петропавлда истиқомат қилувчи Роман Ширяев авваллари дайди итни кўриб қолса, уни уйига олиб келиб парвариш қиларди. Ҳозирда шаҳарликлар ҳам кўчада дайди итларни кўрса унга олиб келадиган бўлишди. Итларни сиғдириш учун ҳатто ўз ҳовлисидаги боғчасидан воз кечишга мажбур бўлибди.
«Баъзиларини ўлим оғзидан олиб қолдик. Жониворларга биз ёрдам қилмасак, ким ёрдам қилади? Ҳозирда биз ҳақимизда кўпчилик билишади. Эгасиз қолган итлар ҳақида бизга хабар беришади, кўпинча ўзим бориб олиб келаман. Даволай оламан. Ветеринар маълумотим йўқ, кўп нарсани интернетдан ўрганаман», - дейди Роман Ширяев.
Романнинг ҳар бир куни тонгда итларни овқатлантиришдан бошланади. Итларни боқиш учун каттагина маблағ сарфларкан. Ҳар ҳафта савдо марказларидан 200 кг суяк сотиб олади. Шаҳарликлар ҳам озиқ-овқат, дори-дармон, молиявий ёрдам қилишади.
«Тонгда овқатлантириб бўлгач, тагини тозалайман. Кейин куни билан бўтқа пишираман. Итларга ўзимда бор тахталардан уйчалар ясадим. Энди илиқ бўлиш учун қоплаб чиқиш керак», - дейди Роман.
Унинг айтишича, итларда ҳам характер бор.
«Ҳар итнинг ўз характери бор. Улар кўпинча ақлли, меҳрли. Фақат ўзига хавф туғилгандагина тишлаши мумкин. Уйни кузатиш бу жониворнинг қонида бор. Баъзилар мендан келиб ит олиб кетишади», - дейди у.
Ҳозирда Роман боқаётган итлар сони 200дан ошган.
Муаллиф: Ақерке Дауренбекқизи