Пекинда Ўзбекистон маданияти куни бўлиб ўтди

None
None
PEKIN. Kazinform – Хитой пойтахтида Ўзбекистон маданияти кунига бағишланган «Буюк Ипак йўли гавҳарига сайёҳат» номли тантанали маросим бўлиб ўтди, деб хабар беради «Kazinform» ХААнинг ҚХРдаги мухбири.

«ШҲТ – умумий уйимиз» лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбир Шанхай ҳамкорлик ташкилоти иштирокчи-мамлакатлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг анъаналари ва урф-одатлари билан таништириш мақсадида ўтказилди.

Унда сўзга чиққан ШҲТ бош котиби Владимир Норов лойиҳанинг мақсади асрлар давомида халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш, билим ва тажриба алмашиш, маданиятларни бойитиш йўлида хизмат қилган Буюк Ипак йўлининг вазифалари билан ўхшашлигини таъкидлаб ўтди.

«Хитойдан Европагача, Африка ва Ҳиндистон мамлакатларигача бўлган буюк савдо ва маданият қон томири Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг маркази ҳисобланувчи Марказий Осиёдан ўтди», - деди у.

В.Норов мамлакатларимиз ўртасидаги тараққиётлараро мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим жиҳатлардан бири ягона туристик маконни барпо этишга йўналтирилган «ШҲТнинг саккиз мўъжизаси» лойиҳаси бўлганлигига тўхталди.

«Буюк Ипак йўли ШҲТга аъзо давлатлар халқларига нафақат моддий қадриятлар, балки турли мамлакатлар ва халқларни бирлаштириб турувчи, одамзодни тараққиётга элтувчи буюк гуманистик анъаналарни меърос қилиб қолдирди. Бугунги кунда ШҲТ ҳар хил тарихий-маданий ва миллий анъаналарга эга хилма хил давлатларнинг уйғунликда ҳаёт кечиришининг яққол намунасидир» - деди Ўзбекистон маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев.

Тадбир доирасида Хитой пойтахти аҳолиси ва шаҳар меҳмонлари қадимий Бухоронинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон меърослари рўйхатига киритилган ёдгорликлари билан танишишди.

Бухоро шаҳри ижодий уюшмалари иштирокида концерт дастури ҳамда амалий санъат намуналари кўргазмаси ташкил этилди. Меҳмонлар ўзбек миллий таомларидан таътиб кўриш бахтига ҳам муяссар бўлишди.

Тантанали маросимда Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Покистон, Афғонистон, Туркия, Озарбайжон елчилари иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, «ШҲТ – умумий уйимиз» лойиҳаси доирасидаги Қозоғистон маданияти куни Пекин шаҳрида 2016 йил декабрида бўлиб ўтганди.

Муаллиф: Руслан Сулейменов

Сўнгги хабарлар
telegram