Парламентда қабул қилинган қонунлар юрт фаровонлигига хизмат қилишига ишонамиз – Маулен Ашимбаев
ASTANА. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Сенати раиси Маулен Ашимбаев VII чақириқ Парламентнинг 2-сессиясида палата ишини сарҳисоб қилди.

“Бугун биз палатанинг 2-сессиясидаги ишини якунладик ва якуний йиғилишимизни ўтказдик. Сессияда Давлат раҳбарининг “Адолатли Қозоғистон”ни яратиш бўйича топшириқларини қонунчилик асосида таъминлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Депутатларнинг асосий эътибори Президентнинг Мурожаатномада, Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида ва Миллий қурултойда қайд этилган бошқа вазифаларини амалга оширишга қаратилди. Парламент 2-сессияда жами 102 та қонун қабул қилди. Айтиш жоизки, уларнинг учдан бир қисми депутатлик корпуси ташаббуси билан амалга оширилган. Шунингдек, 9 та мустақил қонун қабул қилинди. Хусусан, “Қозоғистон Республикаси фуқароларининг давлат ишларини бошқаришда иштирокини таъминлаш бўйича жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. “Одам савдосига қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари ва самарадорлигини ошириш, одам савдосидан жабрланганлар манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳам маъқулланди. Шунингдек, аёллар ва болаларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиб, мустаҳкамланди. Бундан ташқари, безорилик ва кибербуллинг учун жавобгарлик жорий этилди. Жамиятда кенг тарқалган яна бир касаллик – лудаманияга қарши чоралар кўрилди, – деди Маулен Ашимбаев палатанинг ялпи мажлисида.
Унга кўра, ўйин бизнеси ташкилотчиларига нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилди, реклама талабларига қўшимча чекловлар қўйилди. “Масс-медиа тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлиб, у ОАВ ходимлари манфаатларини таъминлаб, бу борада сифатли ҳуқуқий модель яратди. Давлат раҳбари томонидан Мурожаатномада тақдим этилган давлат харидларининг янги тизими махсус қонун билан тасдиқланди. Иссиқлик энергияси тўғрисида янги мустақил қонун ҳам қабул қилинди.
“Ушбу қонун мазкур соҳадаги мураккаб инфратузилма муаммоларини ҳал этишга ижобий ҳисса қўшади, деб ҳисоблаймиз. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ҳам сезиларли даражада янгиланди. Давлат раҳбарининг фармойиши билан “Миллий жамғарма - болаларга” лойиҳаси амалга оширилди. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги қатор долзарб муаммоларни ҳал этиш, соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонунлар қабул қилинди. Тадбиркорликни ривожлантириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган кенг кўламли тузатишлар ҳам кўриб чиқилди. Тадбиркорлар зиммасидаги маъмурий юк камайтирилиб, асоссиз тўсиқлар бартараф этилди. Умуман олганда, қарор қабул қилинишидан аввал палата муҳокамасига киритилган қонунлар масъул депутатлар, мутахассислар томонидан кенг муҳокама қилиниб, атрофлича ўрганилди. Биз ушбу ва бошқа қабул қилинган қонунлар юрт фаровонлигига хизмат қилишига ишонамиз”, — деди Сенат раиси.