Парламент таътилдан қайтди
ASTANA. Kazinform – Бугун VIII чақириқ Парламентнинг тўртинчи сессияси иш бошлайди. Шу муносабат билан таътилдан қайтган депутатлар Парламент палаталарининг қўшма мажлисини ўтказади. Йиғилиш соат 11:00 да бошланиши белгиланган.

Депутатлар 2 ой давомида ҳудудларни айланиб, сайловчилар билан учрашди. Одамларнинг ҳокимиятга бўлган саволлари ва таклифларини ўз оғзидан эшитиб, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни кўзлари билан кўриб қайтди. Энди тўртинчи сессия мобайнида тўпланган маълумотлар қўш палата ишининг асосий йўналишига айланади.

Эслатиб ўтамиз, саккизинчи чақириқ Парламентнинг учинчи сессиясида депутатлар Давлат раҳбарининг халқнинг талаб-истаклари ва мамлакат манфаатига асосланган кенг қамровли стратегияси ва ислоҳотларини асос қилиб олди. Қўш палатанинг кундалик фаолияти бу ислоҳотлар мазмунини янада бойитиш ва амалий ишлар билан қўллаб-қувватлашга қаратилди. Президентнинг сайловолди дастури доирасидаги қонунчилик ташаббусларининг деярли барчаси шу учинчи сессияда амалга оширилди.

Мажилиснинг иш натижалари

Учинчи сессия давомида қуйи палата 39 умумий мажлис ўтказиб, 249 масалани кўриб чиқди ва 90 та қонун қабул қилди. Депутатлар энг аввало аҳолининг ижтимоий ҳолатига алоҳида эътибор қаратди. Масалан, мажбурий ижтимоий тиббий суғурта тизимига оид ёндашувлар қайта кўриб чиқилди. Барча фуқаролар учун, ҳатто суғурталанмаган бўлса ҳам, илк мурожаатда бепул асосий тиббий ёрдамнинг сақланиши катта ютуқ бўлди. Бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига онкология скрининглари киритилди. Шунингдек, эшитиш қобилияти заиф шахсларни, айниқса болаларни маҳаллий бюджет ҳисобига эшитиш аппарати билан таъминлаш имконияти яратилди.

«Келажак» ягона ихтиёрий жамғариш тизимининг қонунчилик асоси яратилди. Янги жамғариш тизими туфайли болаларнинг сифатли таълим олиши учун қўшимча имкониятлар берилди. Шунингдек, халқаро илмий танловларда иштирок этган энг яхши ўқувчилар танловсиз, жумладан «Болашақ» дастури доирасида грант олиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу болалар учун давлат томонидан катта қўллаб-қувватлашга айланди.
Ўтган сессияда депутатлар фаолиятининг асосий йўналиши «Қонун ва тартиб» тамойилини қонунчилик жиҳатдан янада амалга ошириш бўлди. Депутатлар мамлакатнинг жиноят ва маъмурий кодексларини соддалаштириш бўйича катта иш олиб борди. Фуқароларни жиноий тажовуздан ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар қабул қилинди. Салбий ижтимоий ҳодисаларга жавоб сифатида интернет фирибгарлик билан шуғулланган «дроппер»ларга нисбатан жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Депутатлар никоҳга мажбурлаш ҳолатлари учун ҳам жавобгарлик белгилади.

Инсоннинг юзини таниб олишга тўсқинлик қиладиган кийим кийишга тақиқ жорий этилди. Жавобгарликни кучайтириш билан бирга, депутатлар инсоний қарорлар қабул қилиш зарурлигини ҳам унутмади. Масалан, баъзи фуқаролар оғир ҳаётий шароит туфайли қонунбузарликка қўл уриши мумкинлиги маълум. Шу боис Парламент гиёҳванд моддалар тарқатувчилари ва ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги жиноий жавобгарлик чегарасини аниқлаб берди. Бу ҳам Президентнинг Миллий қурултойда берган топшириғи эди. Ҳозирга қадар илк бор қонунбузарликка йўл қўйган ва гиёҳванд модда яширган уч мингдан ортиқ ёшлар иши қайта кўриб чиқилиб, уларни озод қилиш ёки жазони енгиллаштириш йўналишида ишлар олиб борилди.
Сессия давомида Парламент ижтимоий сиёсат ва фуқаролар манфаати мутлақ устуворлик эканини яққол кўрсатди. Бу энг аввало мамлакатнинг асосий молиявий ҳужжати – уч йиллик бюджетда ўз аксини топди. Хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари ва ижтимоий тўловларга алоҳида эътибор қаратилди. Йил бошидан асосий нафақа 6,5 фоизга, боғлиқ нафақа эса 8,5 фоизга оширилди. Ижтимоий тўловлар ҳажми ҳам, уларни олувчилар сони ҳам кўпайди. Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга, қишлоқни қўллаб-қувватлашга қўшимча маблағ ажратилди.

Куни кеча Конституциянинг 30 йиллиги арафасида депутатлар томонидан «Авф этиш тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Авф этиш орқали 15 минг нафар шахснинг жазо муддати қисқартирилди. Уларнинг қарийб 2 минг нафари озодликка чиқди.
Сессия давомида депутатлик сўрови каби муҳим механизмлар ҳам фаол амалга оширилди. Давлат органлари раҳбарлари номига 461 депутатлик сўров йўлланиб, фуқароларни ўйлантираётган энг долзарб масалалар кўтарилди. Кўпгина муаммолар айнан шу сўровлар натижасида ечимини топмоқда.
Сенатнинг 3-сессиядаги иш натижалари
Сенат учинчи сессия мобайнида 89 та қонунни кўриб чиқди. Уларнинг 75 таси маъқулланди, 14 таси Мажилисга қайтарилди. Кўриб чиқилган қонунлар орасида 3 та кодекс ва 7 та алоҳида қонун мавжуд. Хусусан, Президентнинг тўғридан-тўғри топшириғи билан ишлаб чиқилган янги Бюджет ва Солиқ кодекслари, шунингдек, сув ресурсларини самарали фойдаланишга қонуний асос яратадиган янги Сув кодекси қабул қилинди. Туркистон шаҳрига алоҳида мақом берувчи қонун тасдиқланди. Аквахўжаликни ривожлантириш ҳамда давлатнинг ҳудудий мудофаа тизимини такомиллаштиришни кўзда тутувчи алоҳида қонунлар кучга кирди.
Нишонали капитал фондлари ва эндаумент-фондлар фаолиятини тартибга солувчи махсус қонун қабул қилинди. Молия бозорини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фирибгарликка қарши чораларни кучайтиришни назарда тутувчи нормалар ҳам маъқулланди.

Сессия давомида 3 та парламент эшитуви, 4 та ҳукумат соати, қўмиталaрнинг 50 дан ортиқ мобил йиғилиши ва 90 га яқин давра суҳбати ҳамда учрашувлар ташкил этилди. Сенатнинг халқаро фаолияти ҳам 130 га яқин мазмунли тадбирлар билан ажралиб турди. Шунингдек, сенаторлар 170 га яқин депутатлик сўров йўллаб, Ҳукуматга долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар берди. Шу тариқа, Сенатнинг Президент ислоҳотларини қонунчилик жиҳатдан таъминлашга қаратилган фаолияти самарали бўлди.
Сенатнинг ҳудудлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича иши ҳам самарали бўлди. Жорий йилда Маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлик бўйича кенгаш фаолияти янги сифат босқичига кўтарилди. Шу доирада 50 га яқин қўшма тадбир ташкил этилди ва илк бор кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Шунингдек, «Бир мамлакат – бир манфаат», «Ҳудуд» депутатлик гуруҳлари, Инклюзия бўйича кенгаш, Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад-вазифаларнинг ижросига мониторинг олиб бориш бўйича Парламент комиссияси ҳамда бошқа эксперт майдонларининг режали фаолияти тизимли равишда давом эттирилди.