Парламент республикасига айланиш масаласи кун тартибида эмас — Президент
ASTANА. Kazinform — Қасим-Жомарт Тоқаев “Тинчлик ва қонунчиликка асосланган келажак” конституциявий суд ҳакамлиги халқаро форуми иштирокчилари билан учрашди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Венеция комиссияси раиси Клэр Бази Маллори, БАА Федерал Олий суди раиси Муҳаммад Ҳамад Муҳаммад Ал Бадий Ал Заҳрий, Африка конституциявий юрисдикциялари конференцияси раиси Люк Малаба, Мўғулистон Конституциявий суди раиси Баясгалан Гунгаа иштирок этди.

Давлат раҳбари меҳмонларга мамлакатга ташриф буюрганликлари учун миннатдорчилик билдирди.
— Биз бошқа давлатларнинг илғор конституциявий сиёсати қаторида Венеция комиссиясининг ҳал қилувчи ролини ва унинг намунали ҳуқуқий амалиётини юксак қадрлаймиз. Бу демократик институтлар ривожини белгилаш ва инсон ҳуқуқларини кафолатлашда асосий йўналишимиздир. Бу йил Конституциямиз қабул қилинганига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан ушбу ҳужжатнинг ижтимоий тотувлик, барқарорлик ва глобал таҳдидлар шароитида жадал ривожланишни таъминлашдаги муҳим ролини алоҳида таъкидламоқчиман, – деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва конституциявий ислоҳотлар ҳақида гапирди. Президент Конституцияга киритилган ўзгартишлар давлат ҳокимияти вакиллик органи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи институтларнинг ролини кучайтирганини, ижроия ҳокимияти масъулиятини оширганини таъкидлади. Қайта тикланган Конституциявий суд адолатли суд ҳакамлигига йўл очди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Қозоғистонда “Қонун ва интизом” тамойили ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ҳуқуқбузарлик учун жазо ва жавобгарликнинг кучайтирилиши баробарида аҳолининг ҳуқуқий маданияти ҳам изчил юксалиб бормоқда.
Қасим-Жомарт Тоқаев анжуман иштирокчиларини Қозоғистон халқига яқинда эълон қилган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти билан таништирди.
— Мурожаатномада модернизация, инновациялар, барқарор ривожланиш, Қозоғистоннинг жаҳон кун тартибидаги нуфузини мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликнинг янги имкониятларини илгари суриш борасидаги позициямиз ўз ифодасини топган. Хорижий ҳамкорларимиз ушбу устуворликларни аниқ тушунишлари жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Асосий мақсад Қозоғистонни технологик ривожланган давлатга айлантиришдир. Шу боис сунъий интеллектни қўллаш кўламини кенгайтириш ва оммавий рақамлаштириш янги миллий ғояга айланади, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Бундан ташқари, Давлат раҳбари Парламент тизимида бўладиган ўзгаришларга тўхталиб ўтди.
— Очиғини айтганда, бу ислоҳот сиёсий тизимимизнинг институционал асосларини мустаҳкамлашга қаратилган. Парламент республикасига айланиш масаласи кун тартибида эмас. “Кучли Президент – нуфузли Парламент – ҳисоб берадиган Ҳукумат” тамойили сақланиб қолган. Умумхалқ референдумини ўтказиш таклифи мазкур концепциянинг ҳаётийлигини кўрсатади. Мамлакатимиз келажаги ҳақида биргаликда қарор қабул қилишимиз керак. Шунинг учун ҳам сиёсий режаларимиз ҳақида олдиндан айтиб бераман. Биз аввалги ислоҳотлар даврида ҳам, АЭС қуриш бўйича референдум ўтказишда ҳам бу позициямиздан четга чиққанимиз йўқ, – деди Президент.
Венеция комиссияси президенти Клэр Бази Маллори Қозоғистон Европа Кенгашининг муҳим ҳамкори сифатида турли конвенцияларда фаол иштирок этиб, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш бўйича самарали институционал ислоҳотларни амалга ошираётганини таъкидлади.
БАА Олий Федерал суди раиси Муҳаммад Ҳамад Муҳаммад Ал Бадий Ал Заҳрий Қозоғистон ва Амирликлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликни юқори баҳолади.
Африка конституциявий юрисдикциялари конференцияси раиси Люк Малаба Қозоғистондаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни диққат билан кузатиб бораётганини таъкидлади.
Мўғулистон Конституциявий суди раиси Баясгалан Гунгаа Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ўтган йили Мўғулистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги кўп томонлама муносабатларга янги суръат бағишлаганини таъкидлади.
Учрашув якунида Давлат раҳбари Қозоғистоннинг хорижий конституциявий назорат органлари билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканлигини билдирди ва бўлажак форум ишига муваффақият тилади.